Ҳиндистон Россиядан ижарага олган «Нерпа» атом сувости кемасини қайтариб бермоқда. Бу ҳақда The Hindustan Times ва News Nation телеканали манбаларига асосланиб «РБК» хабар берди.
Хабарга кўра, «Нерпа» 2012 йилда Россиядан ўн йил муддатга ижарага олинган. Сувости кемасини ижарага олиш шартномаси Ҳиндистонга 2,5 миллиард долларга тушган. Кема «Чакра» номи остида эксплуатация қилинган.
Нашрлар унинг ижара муддати яқинлашиши муносабати билан Россияга қайтарилаётгани ҳақида ёзмоқда. Уларнинг аниқлик киритишича, сувости кемасининг фотосуратлари ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган, аммо бу ҳақда расмий изоҳлар берилмаган.
NDTV каналининг хабар беришича, айни пайтда сувости кемаси бортида ҳинд экипажи билан Россиянинг Владивосток шаҳрига қараб ҳаракатланмоқда. Сувости кемасига ҳарбий кема ҳамроҳлик қилмоқда.
Шу билан бирга, NDTV ўз манбаларига асосланиб хабар беришича, сувости кемасининг ижара муддати тугашидан ўн ой олдин қайтирилишига техник хизмат кўрсатиш, жумладан, двигателлардаги муаммолар сабаб бўлган.
Тўққиз йил давомида «Нерпа» сувости кемалари экипажларни тайёрлашда, шунингдек, Ҳиндистонни ташвишга солиб, тезлик билан кенгайиб бораётган Хитой денгиз флоти ҳарбий кемаларининг ҳаракатини кузатишда кенг қўлланилган, деб хабар беради NDTV.
«Нерпа» сувости кемаси «Шука-Б» (НАТО таснифидаги Akula-1) сувости кемалари синфига киради. 2009 йилдан бери у Россия денгиз флотида хизмат қилиб келган.
2019 йилда Ҳиндистон Россия билан шу синфга кирувчи яна бир атом сувости кемасини 10 йилга ижарага олиш тўғрисида 3 миллиард долларлик шартнома имзолаган эди. Россия кемани 2025 йилда етказиб бериши керак.