Ўзбекистон ва Россия ўртасида имзоланган 2025 йилгача ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури имзоланиши муносабати билан билдирилаётган барча хавотирлар «мутлақо асоссиз ва мантиқий асосларга эга эмас». Бу ҳақда Мудофаа вазирлигига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди. Дастур Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг 27−28 апрель кунлари Ўзбекистонга ташрифи доирасида имзоланган эди.
«Мудофаа соҳасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (1992 йилдаги), Ташқи сиёсат концепцияси (2012 йилдаги), Мудофаа доктринаси (2018 йилдаги) сингари асосий ҳужжатларда мазкур саволларга аниқ ва тиниқ жавоблар мавжуд», — дейилади вазирлик баёнотида.
Ўзбекистон Мудофаа доктринасининг 10-бандида «Ўзбекистоннинг мудофаа соҳасидаги сиёсати қуйидаги принципларга асосланган: ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базалари ва объектларининг жойлаштирилишига йўл қўймаслик; Қуролли Кучларнинг хориждаги тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ операцияларда ва ҳарбий можароларда иштирок этмаслиги», — дейилган.
«Шу муносабат билан Россия қўшинларининг Ўзбекистонга эҳтимолий киритилиши, шунингдек, Ўзбекистоннинг Россия ҳарбий можароларига аралашуви тўғрисидаги миш-мишлар асоссиз ҳисобланади», — дея қайд этди Мудофаа вазирлиги.
Ўзбекистоннинг Россия билан ҳам, Европа, Марказий ва Жанубий Осиё, АҚШ билан ҳам ҳамкорлиги «ишонч, тенглик, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари асосида қурилган», — дейилади баёнотда.
Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирликлари ўртасида кенгайтирилган меъёрий-ҳуқуқий база яратилган бўлиб, бу қуролли кучлар фаолиятининг турли йўналишларида ҳамкорликни олиб бориш ва фаоллаштиришга имкон беради. Бундай ҳамкорликнинг асосини, авваламбор, 2004 йил 16 июлдаги мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги битим ва 2005 йил 14 ноябрдаги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги битим ташкил этади, дея қайд этилган.
«Очиқ ва рўйирост тан олиш керакки, бугунги кунда Россия Ўзбекистон аҳолисининг осийишта ҳаёти, шунингдек, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Қуролли Кучларига қурол ва ҳарбий техника етказиб беришда энг йирик шерик бўлиб қолмоқда.
Икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасида ушбу соҳада яқин ҳамкорлик ўрнатилиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг мантиқий давомидир, ушбу ҳамкорликнинг Россия билан Ўзбекистон учун турли хил оқибатлари тўғрисидаги ғаразли миш-мишлар асоссиз», — дея хулоса қилди Мудофаа вазирлиги.
Мавзуга доир: Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Бухорога келди (фото)