Қирғизистон Ўзбекистон анклав ҳудуди — Сўхга йўл очишга, Ўзбекистон эса Ункар-Тоони беришга тайёр. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот котиби Галина Байтерек Садир Жапаровнинг Тошкентга давлат ташрифи сарҳисобида маълум қилди, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz» «AКИpress»га таяниб.
Унинг айтишича, Ўзбекистон—Қирғизистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалаларида иккала томон ҳам бу ишларни яқин уч ой ичида якунлаш керак, деган хулосага келди. Давлат чегарасини қонуний рўйхатдан ўтказишни якунлаш чегараолди ҳудудларда барқарорликни мустаҳкамлаб, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга янги туртки беришини қайд этган.
Галина Байтерекнинг маълум қилишича, яқин орада давлат чегарасидаги 7 та назорат пункти фаолияти тикланади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон юк ташиш масаласини ҳал қилишга ва зарур ҳолларда ҳужжатларни сканерлаш учун тегишли ускуналар билан таъминлашга ваъда берган.
«Қирғизистон томони Қирғизистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистоннинг Сўх анклавига транспорт ва авиа алоқаларни очишга тайёр. Анклав аҳолиси давлат чегараси орқали эркин ҳаракатланиши мумкин. Ўз навбатида Ўзбекистон Қирғизистонга шу вақтга қадар чегара ҳудуди аҳолиси ўртасида баҳс ва сиёсий зиддиятларга сабаб бўлиб келган Ункар-Тоо ҳудудини беришга тайёр», — деган Президент матбуот котиби Галина Байтерек.
Галина Байтерек давлат чегараларини делимитация қилиш билан боғлиқ қолган баҳсли масалаларни махсус комиссия ҳал қилишини айтиб ўтган.
«Gazeta.uz»нинг қайд этишича, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги мухтор вакили Омурбек Суваналиев вилоятларнинг чегара ҳудудида ўтиш пунктлари очилишини маълум қилган. Чегара пост хизмати дастлаб пиёдалар учун, уч ой ичида эса автомобиллар учун очилиши айтилган. Омурбек Суваналиев бунга қадар кўпроқ ёпилиш ва камроқ алоқа сиёсати бўлганини таъкидлаган.
Бундан аввал президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасини делимитация қилиш масалаларини уч ой ичида ҳал этиш кўзда тутилганини маълум қилган. Давлат раҳбари «одамлар кутаётган баъзи масалалар тез орада, бюрократиясиз ва аниқ ҳал қилиниши»ни таъкидлаган.
2016 йил август ойининг ўрталарида Жалолобод вилоятидаги Орто-Токой сув омбори яқинида Ўзбекистон милиция ходими қўлга олинганди. Бунга жавобан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўзбек-қирғиз чегарасининг Ункар-Тоонинг келишилмаган қисмида вертолётдан тушиб, телеминоранинг тўрт ишчисини қўлга олган. Ўзбекистон қўлга олинган милиция ходимини озод қилишни ва сув омбори атрофидаги постларни олиб ташлашни талаб қилган. Ходим 23 август куни жаримага тортилиб, қўйиб юборилган, Қирғизистон фуқаролари 9 сентябрь куни озод қилинган.
Изоҳ (0)