Ўзбекистонда февраль ойининг охирида кузатилган аномал совуқдан сўнг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги мавжуд мевали боғлар, узумзорлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари устидан тўлиқ мониторинг амалга оширилмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, кўп йиллик амалий натижаларга кўра, совуқ об-ҳавонинг дарахтлар куртаклари, гуллари ва ниҳолларига таъсири оқибатлари ҳамда музлашига қарши барча тезкор чора-тадбирлар натижаларини 3-4 кун ўтгандан сўнг кузатиш ва совуқ таъсирини аниқлаш мумкин.
Шу сабабли ҳосилли боғ ва узумзорларни кўздан кечириш илиқ турғун об-ҳаво бошланиши билан, яъни ўсимликларни сақлаб қолиш учун амалга оширилган саъй-ҳаракатлардан бир мунча вақт ўтгач бошланди.
«Ҳозирда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ва тизим ташкилотлари барча мевали боғ ва узумзорлардаги йўқотилган ҳосилни аниқлаш бўйича олим ва мутахассисларни жалб этган ҳолда далолатномалар тузиб, 2021 йилда етиштириш кутилаётган ҳосилни аниқламоқда.
Айниқса, совуқ қаттиқроқ бўлган, яъни ҳаво ҳарорати 20-22 даража совуққача тушган шимолий ҳудудларда боғ ва узумзорларни асраб қолишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо шуни таъкидлаш керакки, мазкур ҳудудларда февраль ойининг I, II декадаларида жанубий вилоятларда бўлгани каби ғайритабиий илиқ об-ҳаво кузатилмади, шунинг учун у ерларда куртаклар ҳали пайдо бўлишга улгурмаган эди. Бу бизга шимолий ҳудудларда катта йўқотиш бўлмайди, деб тахмин қилиш учун асос бўла олади.
Жанубий ҳудудларда ҳам катта йўқотишларнинг олди олинди, деб умид қиламиз, буни, албатта, мониторинг натижалари кўрсатади. Ушбу том маънодаги чинакам қутқарув ишларида барча қийинчиликларга ва қаттиқ совуқларга қарамай, фаол қатнашган қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимларининг ҳаракатлари алоҳида эътирофга ва миннатдорчиликка лойиқ экани шубҳасиз», – тушунтириш берди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Мева-сабзавотчилик, узумчилик, полизчилик ва картошкачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Фахриддин Қирғизбоев.
Совуқ об-ҳавонинг салбий таъсирини кузатиш натижаларига кўра, Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги мавжуд мевали боғлар, узумзорлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг зарарланиш даражалари бўйича натижалар аниқланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда январь ойи охири ва февраль ойи ўрталарида кузатилган аномал иссиқ об-ҳаво мевали дарахтларнинг эрта гуллашига сабаб бўлди. Бироқ об-ҳаво кескин совиб, қор ёғиши туфайли мевали дарахтлар куртаклари ва гуллари хавф остида қолди. Боғбонлар гилос, ўрик, узум ва бодом ҳосилидаги йўқотишларни 30 фоиздан 80 фоизгача баҳолади.