Тошкентнинг Яшнобод туманида Equinox, «КамАЗ» ҳамда Nexia иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида тўрт киши жароҳат олди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 5 февраль куни тахминан соат 12:10 ларда Яшнобод туманидаги Кичик ҳалқа автомобиль йўлида Equinox автомобилини бошқариб борган 39 ёшли Д.А. қайта бурилиш ҳаракати давомида ҳаракат устуворлигига эга бўлган 70 ёшли П.К. бошқарувидаги «КамАЗ» юк автомобилини ўтказиб юбормаган.
Юзага келган тўқнашув оқибатида Equinox автомобили бошқарувсиз ҳаракатни давом эттириб, йўл четида тўхтаб турган 50 ёшли А.Н. бошқарувидаги Nexia автомобили билан тўқнашган. Бир вақтнинг ўзида «КамАЗ» автомобили ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб ТМА-1 биносига урилган.
ЙТҲ оқибатида учала автомобиль ҳайдовчилари ҳамда юқоридаги бинода бўлган 73 ёшли М.М. шифохонага етказилган.
Мазкур факт бўйича терговолди текшируви ўтказилмоқда.
Аввалроқ Қорақалпоғистонда маст ҳайдовчи бошқарувидаги Nexia-3 йўл четида турган бешта машинага бориб урилгани, Андижонда Cobalt уриб кетган велосипед ҳайдовчиси шифохонада вафот этгани, Самарқандда Spark ва Nexia-3 тўқнашувида йўл четида турган аёл жабрлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)