Вояга етмаган қизнинг номусига тегишда айбланган хонанда Жасур Умиров 5 йилга қамалди, дея хабар бермоқда Олий суд.
Маълум қилинишича, 2 февраль жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судида судланувчилар Ж.У., А.З. ва Ш.Қ.га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси 1-қисми (жинсий жиноятлар тўғрисидаги ишлар кўрилаётган суд) талабларига мувофиқ ёпиқ тарзда кўриб чиқилди.
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг 2021 йил 2 февралдаги ҳукмига кўра:
- Ж.У. Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
- А.З. Жиноят кодексининг 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) 1-қисми ва 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 2-қисми билан айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида узил-кесил 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
- Ш.Қ. Жиноят кодексининг 238-моддаси 1-қисми ва 241-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида узил-кесил 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Аввалроқ бу иш бўйича хонанда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида лицейнинг биринчи курсини эндигина тамомлаган, вояга етмаган қизнинг номусига теггани, ИИБ эса хонандага нисбатан жиноий иш очишни рад этгани, Бош прокуратура қарор қонунийлигини текшириши маълум қилинганди. Шундан сўнг Бош прокуратура мазкур ҳолат бўйича қўшимча текширув тайинлангани ҳақида хабар берганди.
Сўнгра 5 декабрь куни Жасур Умировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга оширилди. Иш жинсий жиноятга оидлиги сабаб суд ёпиқ тарзда ўтказилди.