Airbnb уй-жой ижара сервиси акциялари нархи IPO’нинг биринчи кунидаёқ NASDAQ биржасида 142,6 фоизга, яъни 165 долларгача кўтарилиб кетди. Компаниянинг бозор қиймати 109 миллиард доллардан ошиб кетган, деб хабар беради «РБК».
Компания 9 декабрь куни IPO ўтказган. Листинг давомида Airbnb ташкилотчилар томонидан қўшимча акциялар харидини ҳисобга олмаганда, 3,4 миллиард долларга яқин маблағ жалб этган. Bloomberg маълумотларига кўра, листингдан сўнг компания қиймати 47 миллиард долларни ташкил этган.
Компания қимматли қоғозларининг савдолари ABNB тикери остида амалга оширилади.
IPO Airbnb ташкилотчилари сифатида Morgan Stanley, Goldman Sachs, Barclays, Citigroup ва бошқа банклар иштирок этган. 30 кун давомида улар қўшимча 5 миллионта акцияни IPO’даги нархдан чегирма асосида харид қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бир неча ҳафта аввал сервис ўз молиявий кўрсаткичларини эълон қилган эди: жорий йилнинг биринчи уч чорагида 696,9 миллион ҳажмида соф зарар кўрган, даромад 32 фоизга камайиб, 2,52 миллиард долларни ташкил қилган, аммо учинчи чоракни компания фойда билан якунлаган. IPO ўтказиш режалари ҳақида Airbnb ўтган йилиёқ гапиришни бошлаган эди, аммо акцияларини биржага жойлаштиришга COVID-19 пандемияси халақит берди.
Мавзуга доир: Airbnb IPO’да 42 млрд долларга баҳоланади