АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий хизматчилари Эрон томонидан бўладиган ҳужум эҳтимоли сабабли юқори шайлик режимига ўтказилди, деб ёзади «РБК» Politico нашрига таяниб.
Унинг маълумотларига кўра, Пентагон Теҳрон Вашингтонда ҳокимият алмашишидан ҳамда Ироқ ва Афғонистондан америкалик ҳарбийларнинг олиб чиқиб кетилишидан фойдаланиб қолиши мумкинлигидан хавотирда.
Шу куниёқ Американинг иккита B-52H Stratofortress бомбардимончи самолёти АҚШдан учиб кетиб, Яқин Шарққа йўл олди.
«Бомбардимончиларнинг тўхтамасдан дунёнинг ярмини айланиб чиқиш ва минтақадаги кўп сонли шериклар билан тезкор интеграциялашув қобилияти бизнинг яқин алоқаларимизни ҳамда минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик бўйича умумий тарафдорлигимизни намоён қилади», — дейилади АҚШнинг Яқин Шарқдаги қўшинлари қўмондони Фрэнк Маккензининг баёнотида.
8 декабрь куни АҚШ ўз ҳарбийларини Афғонистон ва Ироқдан олиб чиқиб кетиши фонида Вашингтон Эрон томонидан ҳужумлар бўлишини кутаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Америка қўмондонлиги Форс кўрфазидан Нимитз авианосецини олиб кетишни режалаштирган эди, аммо вазият беқарорлашиб кетиши мумкинлиги сабабли у ҳозирча минтақада қолдирилиши мумкин, деб хабар берди АP манбаси.
АҚШнинг Эрон томонидан эҳтимолий ҳужумлар борасидаги хавотирлари Эронлик ядрошунос физик олим Муҳсин Фахризода ўлдирилганидан кейин кучайди. У ноябрь охирида соқчилари ва террорчилар ўртасидаги тўқнашувлардан кейин ҳалок бўлган эди. Эрон олимнинг ўлдирилишига Исроилни алоқадор қилмоқда.
Шунингдек, Вашингтон Эроннинг АҚШ авиаҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган Ислом инқилоби посбонлари корпуси бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймоний ўлимига бир йил тўлиши муносабати билан жанговар ҳаракатлар бошлашидан ҳам хавфсирамоқда.
Ноябрь ўрталарида АҚШ Афғонистон ва Ироқда 2,5 минг нафардан ҳарбийни қолдириши хабар берилган эди. Дональд Трамп маъмурияти тахмин қилишича, қўшинлар 15 январгача олиб чиқиб кетилади. Афғонистондан 2 минг, Ироқдан 500 киши чиқариб юборилади.
Ўшанда Вашингтон Яқин Шарққа B-52H Stratofortress стратегик бомбардимончиларини жойлаштиришга қарор қилган эди. Охирги марта АҚШ бу самолётларни ушбу минтақага қишда, АҚШ томонидан генерал Қосим Сулаймоний йўқ қилинганидан кейин юборган эди. 25 ноябрь куни эса Axios ўз манбаларига таяниб, Исроил армияси АҚШнинг Эронга ҳужумига тайёрланишни буюргани ҳақида хабар берганди.