Ўтган бир ҳафта ичида дунё бўйлаб 3,6 миллион киши коронавирусга чалингани қайд этилди, деб хабар бермоқда «РБК» ЖССТ ҳафталик ҳисоботига таяниб. Бу пандемия бошланганидан буён рекорд кўрсаткич.
Аввалги рекорд ўтган ҳафтада қайд этилган (26 октябрдан 1 ноябргача), шу вақт давомида 3,3 миллиондан ортиқ кишида COVID-19 аниқланган, беморларнинг 45 минг нафардан ортиғи вафот этганди.
Сўнгги бир ҳафтада (2—8 ноябрь) эса инфекцияга чалинганлар сони ундан аввалги ҳафтага нисбатан 8 фоизга ортган. Бунда ўлимлар сони 21-фоизга ошиб, 54 мингдан ортиқ бўлган.
ЖССТ маълумотларига кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 54 фоизи Европада қайд этилган. Шунингдек, янги ўлим ҳолатларининг 47 фоизи ҳам Европага тўғри келган. Алоҳида мамлакатлар ҳисобида қаралса, энг кўп касалланишлар АҚШ, Франция, Ҳиндистон, Италия ва Буюк Британияда қайд этилган.
Янги маълумотларни ҳисобга олган ҳолда, COVID-19’га чалинганларнинг умумий сони 50,6 миллион кишини, ундан вафот этганлар 1,2 миллион кишини ташкил этди.