АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги USAID орқали Ўзбекистонга COVID-19’га қарши курашиш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун 2,23 миллион долларлик тиббий жиҳозлар етказиб берди. Бу ҳақда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг Ўзбекистондаги миссияси «Дарё»га маълум қилди.
Хабар берилишича, лаборатория ускуналари ва 100 мингта тест ўтказиш учун зарур бўлган реагентларни ўз ичига олган ушбу материаллар мамлакатнинг COVID-19’ни аниқлаш учун хавфсиз ва тезкор синов ўтказиш салоҳиятини сезиларли даражада ошириши кутилмоқда.
«COVID-19 нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда одамларнинг кундалик ҳаёти ва яшаш тарзига таҳдид бўлиб қолмоқда. Ушбу вирус ҳеч кимни четлаб ўтмади — ўзимиз, яқинларимиз, қўни-қўшниларимиз, дўстларимиз, ҳамкасбларимизга таъсир қилди. Йўқотган ҳар бир кишимиз, ёпилган ҳар бир корхона ва унинг оқибатида жабрланган одамлар учун ҳам биз вирусга қарши курашишни давом эттиришимиз зарур. Бу курашда биз ҳаммамиз биргамиз», — деди АҚШ элчихонасида миссия бошлиғи ўринбосари вазифасини бажарувчи Алексис Салливан. «АҚШ ҳукумати ўзбекистонлик ҳамкорлари билан мамлакатда халқ саломатлиги ва фаровонлигини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш учун яқиндан ҳамкорлик қилиш тамойилига содиқ қолади», — дея қўшимча қилди у.
Келтирилган жиҳозлар АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонга COVID-19’га қарши курашда кўрсатаётган ёрдамининг бир қисми ҳисобланди. Шу кунгача АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга COVID-19 эпидемиясига қарши курашишда ёрдам бериш учун 8,8 миллион доллар ажратди. Сентябрь ойида USAID Ўзбекистонга 200 та сунъий нафас олдириш аппаратини тақдим этган эди. USAID Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа ҳамкорлари билан ушбу мосламаларни бутун мамлакат бўйлаб соғлиқни сақлаш муассасаларига тарқатишда яқиндан ҳамкорлик қилди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ҳукумати ва Халқаро тараққиёт агентлиги коронавирусга қарши курашда Ўзбекистонга яқиндан кўмак бермоқда. Хусусан, агентлик Ўзбекистонга февраль, март ва апрель ойларида ёрдам кўрсатди. АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC/CAR) Марказий Осиё ҳукуматларининг COVID-19’га қарши саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 6,8 миллион доллар ажратди, бунинг 2,07 миллион доллари эса Ўзбекистонга берилди. Шунингдек, COVID-19 пандемиясига қарши кураш бўйича комплекс чора-тадбирлар доирасида АҚШ ҳукумати USAID орқали Ўзбекистонга қўшимча 3 миллион доллар ажратиши маълум қилинди. USAID пандемия вақтида Марказий Осиё меҳнат муҳожирлари ҳимояси учун 2 миллион доллар ажратди.