Ўзбекистонда 1-синф ўқувчиларига 2020 йилги «Президент совғаси» 14 сентябрь куни топширилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлигига таяниб ЎзА маълум қилди.
Махсус комиссия қарорига биноан, пандемия шароитини ҳисобга олиб мактабларда янги ўқув йилининг биринчи куни 14 сентябрь этиб белгиланди. Хабарда айтилишича, мактабларда айни шу куни 650 мингга яқин ўқувчига «Президент совғаси» топширилиши режалаштирилган.
1-синф ўқувчиларига бериладиган «Президент совғаси» таркибидан 12 турдаги ўқув қуроллари, жумладан портфел, дафтарлар, расм дафтари, акварел бўёқлари, рангли қоғоз, қаламдон, шарикли ручка, рангли ва оддий қаламлар, пластилин, елим ва ўчирғич ўрин олган.
Шунингдек, қайд этилишича, «Президент совғаси» ўқишнинг анъанавий ёки масофавий шаклини танлаганидан қатъи назар, барча ўқувчиларга берилади. Бунда «Президент совғаси» масофавий ўқишни танлаган 1-синф ўқувчиларининг ота-оналарига топширилади.
Ўзбекистонда 7 сентябрь куни 6 ой деганда 329 та мактаб ўқувчилар учун ўз эшикларини очди. Хусусан, Намангандаги 12 та мактабда тажриба тариқасидаги илк дарслар бошланди. Янги 2020/2021-ўқув йили расман 14 сентябрдан бошланади.