Ўзбекистон хуфиёна иқтисодиёти 245 триллион сўмни ёки ЯИМдан умумий улуши тахминан 48 фоизни ташкил этади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар берди.
«Хуфиёна иқтисодиётга сабаб бўлаётган омиллардан бири — бу харид чекини талаб қилмаслик. Бу ўз навбатида тадбиркорлик субъектлари орасида носоғлом рақобат муҳитининг шаклланишига олиб келади. Агар ҳар бир истеъмолчи томонидан чек талаб қилинса, хуфиёна иқтисодиёт улуши қисқариши баробарида, солиқлардан бўйин товлаш ҳолатлари камайиб, бюджет тушумлари ошиб боради. Натижада мамлакат иқтисодиёти ривожланади», — дейилади хабарда.
Давлат солиқ қўмитасининг эслатиб ўтишича, сотиб олиш жойларида чек бериш талаби рад этилган тақдирда, истеъмолчи қуйидагиларга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга:
- (71) 244−98−98 ёки 1198 рақамли «ишонч телефони»га;
- Солиқ мобил иловасидаги Солиқ ҳамкор бўлими орқали;
- ДСҚнинг Telegram боти орқали;
- Электрон солиқ хизматлари портали (my.soliq.uz) орқали.