«Anhor.uz» журналисти ногиронлар уюшмасининг аъзолари Фарҳод Абдураҳмонов ва Ойбек Исоқов билан биргаликда Тошкентда фойдаланишга топширилган янги метро йўналишидаги инклюзив муҳитни ўрганиб, унинг имконияти чекланганлар учун талаб даражасига жавоб бермаслигини аниқлаган.
Хусусан, «Дўстлик-2» бекатида, унинг бир қисмида имконияти чекланганлар учун лифт ишламаган. Метрополитен ходимлари буни лифтлардан оддий одамлар фойдаланаётгани учун улар ишлатилмаётгани билан изоҳлаган. Янги йўналишнинг олтинчи ва еттинчи бекати ногиронлар аравачасида юрадиган одамлар учун мутлақо мослаштирилмаганлиги аниқланган. Еттинчи бекатда («Қўйлиқ» бозори) пандус 45 даража қиялик билан қурилган, нормаларга кўра эса унинг қиялик даражаси 8 дан ошмаслиги керак.
Бундан ташқари, янги йўналишнинг 2, 3, 4, 5-бекатларида лифтлар ва эскалаторлар борлиги, бироқ мониторинг пайтида бекатлардаги лифтлар ишламаётгани қайд этилган. «6 ва 7-бекатлар ногиронлиги бор кишилар ҳаракатланиши учун умуман мослаштирилмаган. Бир тасаввур қилинг, имконли муҳитга эга «Дўстлик-2» бекатига ногиронлиги бор киши кирди. У ‘Қўйлиқ’ бозорига, яъни 7-бекатга боряпти, бу бекатга келиши билан ундан чиқа олмайди. Ақлга сиғмайдиган ҳолат – киши метрога кириб, ундан чиқолмаса», — деган Ногиронлар уюшмасининг раиси Ойбек Исоқов.
Шунингдек, перрон ва метро вагонлари орасида катта оралиқ қолаётгани, бу аравачанинг вагонга силлиқ кириб боришига имкон бермаслиги, яна бегоналарнинг ёрдамидан фойдаланиш заруратини юзага келтириши билдирилган. Янги метро бекатларидаги тактил йўлакчаларнинг перрон чеккасига ҳаддан ташқари яқин жойлашгани ҳам айтиб ўтилган. «Демак, хавф ҳақидаги сигнал бевосита платформа чеккасига жойлаштирилган. Тактил йўлакча платформа қирғоғидан 70-90 см масофада бўлиши зарур», — деган у.
Ойбек Исоқов «Ўзбекистон темир йўллари» метро бекатларини лойиҳалаштираётганда лойиҳани ногиронлиги бор шахсларнинг ташкилотлари билан мувофиқлаштирмаганлигини таъкидлаган. «Агар бизни лойиҳалаштириш ва бекатларни топшириш босқичларида жалб этишганида, камчиликларни кўрсатган бўлардик ва улар ҳозир бартараф этилган бўларди», — деган у.
«Ўзбекистон темир йўллари» ушбу танқидларга муносабат билдирди. Компания матбуот хизматининг қайд этилишича, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, 1-гуруҳ ногиронлари ва уларга ҳамроҳ бўлган шахслар жамоат транспортидан, шу жумладан, метродан бепул фойдаланиши мумкин.
Ҳаракати чекланган йўловчиларнинг платформага касса, турникет ва бекатлар вестибюли орқали киришларига ҳожат йўқ. Бундай қулайлик яратиш лойиҳалаш босқичида ҳисобга олинган. Мутахассислар (қурилиш буюртмачилари)нинг айтишича, шундай келиб чиққан ҳолда метро бекатларида махсус лифтлар ўрнатилган бўлиб, имконияти чекланган шахслар кўчадан туриб тўғри станция платформасига кўтарилиб, худди шу тарзда пасга тушишлари мумкин.
Бундан ташқари, лифт бўлмаган олтинчи ва еттинчи станцияларда ногиронлик аравачасидаги кишилар зинадан бемалол чиқиб-тушиши учун махсус кўтарма пандус мавжуд.
Йўловчилар, шу жумладан ногиронлар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳар бир бекатда тартибни сақлаш учун имконияти чекланган фуқароларга индивидуал ёндашувни таъминлайдиган ИИВ ходимлари ва метрополитен навбатчилари қараб туради, яъни йўриқномага мувофиқ қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
- кираверишда кутиб олиш;
- йўналиш маршрутини сўраш;
- вагонгача кузатиш ва унга ўтқазиш;
- диспетчерни ушбу йўловчи ҳақида хабардор қилиш;
- белгиланган станцияда кутиб олиш ва чиқиш эшигигача кузатиб қўйиш.