Халқ таълими вазирлиги 2020/2021-ўқув йили ҳам масофадан давом этишини рад этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Аввалроқ Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими тизимида онлайн таълим бериш фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинганди. Унда Миллий телерадиокомпанияда «Онлайн мактаб» лойиҳаси учун доимий студия ташкил этиш кўзда тутилганди.
«Вазирликка ижтимоий тармоқлар орқали ота-оналар, ўқитувчилар ва ўқувчилар томонидан юборилган кўплаб таклифлар инобатга олиниб, ўқувчиларга мактаб ва мактабдан ташқари билим олиш учун қўшимча имконият яратиш, видеодарслар ёрдамида ўқитувчиларнинг узлуксиз малака ва кўникмаларини ошириб бориш, видеодарслардан маҳорат дарслари сифатида фойдаланиш мақсадида муҳокамага қўйилган ҳужжат билан мамлакатимизда ‘Онлайн мактаб’ лойиҳасини давом эттириш режалаштирилмоқда», — дейилади ХТВ хабарида.
Таъкидланишича, «Онлайн мактаб» лойиҳаси доирасида 2020 йил август ойида 2020/2021-ўқув йили учун телевизион дарсларни тасвирга олиш ва янги ўқув йилидан бошлаб эфирга узатиш назарда тутилмоқда. Шунингдек, телевизион дарслар ҳозирда хорижда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар фарзандларининг она тилида таълим олиши учун имконият яратиб беради.
«Бу эса 2020/2021-ўқув йили ҳам масофадан давом этади, дегани эмас. Республика махсус комиссияси томонидан рухсат берилса, умумтаълим муассасалари сентябрь ойидан ўз фаолиятини давом эттиради», — деб изоҳланган вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус аниқланганидан кейин барча таълим муассасалари ёпилган. Мактаб ўқувчилари учун бир қатор телеканалларда видеодарслар эфирга узатилди. Карантин вақтида теледарс ўтаётган ўқитувчилар Тошкентдаги Президент мактабига жойлаштирилди. Мактаблардаги якуний имтиҳонлар эса ўтказилмайдиган бўлди.