Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ 8 июнидан «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда жамоат транспортида шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус ҳаракатларига рухсат берилгани тўғрисида хабар қилинганди. «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг маълум қилишича, автобус ҳайдовчилари учун кунлик режалар бекор қилинади.
Акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Аъзам Абдуллаевнинг маълумот беришича, эндиликда ҳайдовчиларга янгича талаблар қўйилиши билан бир қаторда уларнинг ишлари енгиллаштирилиб, қатор имтиёз ва таклифлар ҳам назарда тутилмоқда.
«Аввало ҳайдовчиларга қўйилган талабларимизни кучайтирдик. Барча белгиланган қоидаларга ҳар бир ҳайдовчи риоя этиши шарт. Шунга яраша анча имтиёз ва енгилликлар киритилмоқда. Жумладан, ҳайдовчи ва чиптачилар учун анча қийинчилик туғдирган, олдиндан ўрнатилган режалар энди йўқ. Қанча пул тушиши уларнинг муаммоси эмас.
Ҳайдовчилар 15 кун ишда ва мос равишда бир ойда 15 кун уйда бўлишади. У белгиланган манзилга аниқ кўрсатилган вақтда етиб бориши керак. Ҳайдовчи олдин маълум пул тушумини йиғиши керак бўлар эди, агар йиғмаса ойлигига таъсир қилиб, ҳар куни ишлашига тўғри келарди. Энди бундай бўлмайди. Ҳайдовчиларнинг ўзигина эмас, фарзандларига ҳам дам олиш учун йўлланмалар берилади. Ижтимоий ҳимояси таъминланади», – дейди Аъзам Абдуллаев.
Таъкидланишича, ҳозирда акциядорлик жамияти томонидан жамоат транспорти фаолиятини қайта тиклашда белгиланган қоидаларга риоя этилиши учун барча чоралар кўрилмоқда. Жумладан, автокорхоналар томонидан транспорт воситасини ҳар бир қатнов олдидан ва охирги бекатда, шунингдек, автошоҳбекатларда тўлиқ дезинфекция қилиш, ҳайдовчиларни тиббий ниқоб ва қўлқоплар билан таъминлаш ҳамда уларнинг мунтазам равишда ўз вақтида алмаштириб бориш бўйича ишлар бошлаб юборилган.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус пандемияси туфайли 22 мартдан буён Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилган эди.