Афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлимидан кейин Миннеаполис (Миннесота штати) шаҳар расмийлари полицияга бўғиш усулини қўллашни тақиқлашга қарор қилди, деб хабар бермоқда Associated Press.
Бундан ташқари, полиция ходимларидан ўз ҳамкасблари томонидан фуқароларга нисбатан қилинган ҳар қандай зўравонлик ҳолатлари тўғрисида хабар беришлари талаб этилади. Агар улар бундай ҳаракатларнинг гувоҳи бўлишса ва уларни тўхтатишга ҳаракат қилмасалар, улар ҳам жавобгарликка тортилади.
Полициянинг дубинка, кўздан ёш оқизувчи газ, резина ўқлар ёки ёруғлик ва шовқин тарқатувчи гранаталардан фойдаланиши учун полиция бошлиғининг санкцияси талаб қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Миннеаполис шаҳри полицияси вакили 25 май куни 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойдни қўлга олиш чоғида уни тутиб, ерга ётқизган ва тиззаси билан бўйнини босган. Полициячи уни шу тариқа узоқ вақт ушлаб туриши Жорж Флойднинг ўлимига сабаб бўлган. Ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, АҚШнинг турли ҳудудларида норозилик намойишлари бошланганди.
The New York Times’нинг ёзишича, статистик маълумотларга кўра, полиция бўғиш усулидан оқ танли аҳолига қараганда афроамерикаликларга нисбатан етти марта кўпроқ фойдаланади.
Флойднинг ўлимига сабабчи бўлган полиция зобити Дерек Човин ишдан ҳайдалган ва унга нисбатан қотиллик иши бўйича айблов эълон қилинган. Фожиа жойида бўлган яна уч нафар полиция офицери ҳам ишдан бўшатилган. Полицияни жазолаш ҳақидаги петиция рекорд даражада овоз тўплади.