Қирғизистонда коронавирус билан касалланиш бўйича яна 25 та ҳолат аниқланди, деб хабар беради «Kloop.kg».
COVID-19 коронавирус инфекцияси билан касалланиш бўйича аниқланган сўнгги ҳолатларнинг 11 нафари Норин вилояти ҳисобига тўғри келмоқда. Шунингдек, Жалолобод ва Чуй вилоятларида — тўрт нафардан, Ўшда — уч кишида, Бишкекда — икки киши ҳамда Боткен вилоятида — бир кишида коронавирус аниқланган.
Бутун мамлакат бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 931 кишига етган, уларнинг 658 нафари даволанишга муваффақ бўлган — 9 май куни саккиз нафар беморга жавоб берилган.
Қирғизистонда коронавирус пандемияси бошланганидан буён 12 киши COVID-19 қурбонига айланган, улардан бир нафари — тиббиёт ходими. Ҳозирда 261 киши шифохоналарда қолмоқда, олти нафарининг аҳволи оғир.
Эслатиб ўтамиз, 4 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Сўронбой Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилиб, коронавирусга қарши курашдаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилганди.
Ўзбекистонда 9 май соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 2336 нафарга етди. Мамлакатда коронавирус инфекцияси илк бор қайд этилган 15 мартдан буён 1775 киши касалликдан соғайди, 10 киши эса инфекция асоратлари оқибатида вафот этди.