Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев 2019 йилнинг 11 ноябрь куни Эрон Ташқи ишлар вазирининг ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси, Афғонистон бўйича махсус вакили Муҳаммад Иброҳим Тоҳириён Фард билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Учрашувда Афғонистондаги ҳозирги вазият ва ушбу мамлакатдаги тинчлик жараёни юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Эрон томонига Афғонистон муаммосини ҳал этиш борасидаги Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари, Афғонистонни иқтисодий тиклаш борасидаги Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида маълумот берилди.
Эрон дипломати Афғонистоннинг минтақавий жараёнларга кенг миқёсда интеграциялашуви ва Ўзбекистон томонидан илгари сурилган турли инфратузилма лойиҳаларини тадбиқ этишда амалий ёрдам бериш бўйича Президент Шавкат Мирзиёев сиёсатини юқори баҳолади.
Шу ўринда, Муҳаммад Иброҳим Тоҳириён Фард Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари қиёфасидаги кенг кўламли ўзгаришлардан ҳайратда эканлигини изҳор этар экан, бу ўзгаришларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан, шунингдек, аввало минтақадаги қўшнилар билан очиқлик ва ишончга асосланган мақсадли сиёсат билан боғлади.
Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш муҳимлиги нуқтаи назаридан, Эрон вакили минтақа давлатларининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини жипслаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.