Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қатор камчиликларни аниқлади. Бу ҳақда агентлик томонидан «Дарё»га маълум қилинди.
Хабар берилишича, 2019 йил 1 январдан бошлаб спорт тренерлиги учун гувоҳнома бериш соддалаштирилган тартибда Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилиши белгиланган. Аммо бунинг учун масъул идоралар томонидан тегишли чоралар кўрилмаган, электрон тизимлар Давлат хизматлари агентлиги платформаси билан интеграция қилинмаган. Оқибатда, давлат хизматини кўрсатишда электрон тизимдан фойдаланилмаганлиги ҳамда фуқароларга тўғридан-тўғри давлат хизмати кўрсатилганлиги учун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Сертификациялаш ва компьютерлаштириш марказининг масъул ходими маъмурий жаримага тортилган.
Бундан ташқари, йўловчи ва юк ташишни лицензиялаш 1 августдан бошлаб давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилиши лозим бўлса-да, Транспорт вазирлиги томонидан ўз вақтида интеграция ишлари амалга оширилмаганлиги натижасида ушбу хизмат тўғридан-тўғри кўрсатилмоқда. Ушбу ҳолат бўйича вазирликнинг масъул хизматларига нисбатан Давлат хизматлари агентлиги томонидан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилган.
Қайд этилишича, ўтган 10 ой давомида агентлик томонидан тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатиш, хизмат кўрсатиш муддатларини бузиш ҳамда ортиқча ҳужжат талаб қилиш каби бир қатор қонун бузилишлари аниқланган.
Статистик маълумотларга кўра, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида энг кўп қонун бузилиши ҳолатлари кадастр идоралари, ҳокимликлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш (электр, сув, газ, сув-оқова ташкилотлари) томонидан йўл қўйилганлиги аниқланди.
Юқоридаги каби ҳолатлар қайта такрорланишининг олдини олиш мақсадида агентлик томонидан тегишли ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмоқда. Хусусан, аниқланган ҳолатлар бўйича давлат органларига 689 та тақдимнома, 1545 та огоҳлантириш юборилган ҳамда 2264 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилган. Қўлланилган таъсир чораларига асосан 421 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган, шундан 49 нафари вазифасидан озод этилган ҳамда 2244 нафар шахсга нисбатан маъмурий жарима жазоси қўлланилган.