Пойтахтдаги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида «Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясининг қурилиши. Россия тажрибаси ва илғор технологиялари» мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Фанлар академияси, «Ўзатом» агентлиги, «Росатом» давлат корпорацияси ва Халқаро атом энергияси агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий ва хорижлик ядро энергетика соҳаси мутахассислари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш тўғрисида қабул қилинган қарорга мувофиқ ўтказилаётган семинарда «Росатом» давлат корпорацияси ва Халқаро атом энергияси агентлиги вакиллари мамлакатда атом электр станциясининг қурилишида Россия тажрибасидан самарали фойдаланиш ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Қайд этилганидек, АЭС фаолияти нафақат аҳоли ҳаёти фаровонлиги учун, балки мамлакат иқтисодиёти, илму фани, техникаси, кадрлар салоҳиятининг ўсишида ҳам катта аҳамиятга эга.
Семинарда қатнашчилар Россиянинг атом саноати соҳасидаги илғор технологиялари, «Росатом» давлат корпорациясининг соғлиқни сақлаш тизими ва ядровий технологиялар орқали турмуш даражасини ошириш бўйича ечимлари, Ўзбекистонда қурилиши режалаштирилган АЭС учун мутахассислар тайёрлаш дастури ҳамда атом саноати соҳасида лойиҳаларнинг амалга оширилиши юзасидан жамоатчиликни хабардор қилиш масалалари бўйича маълумотларга эга бўлди.
Халқаро атом энергияси агентлиги вакили Хенрик Кристоф ядро энергетикаси соҳасидаги глобал тенденциялар ҳақида тушунча берди.