Ўзбекистон ва Франциянинг Veolia Environnement компанияси Тошкентда ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва тақсимлаш, шунингдек, оқова сувларни тозалашни модернизация қилиш тўғрисидаги битимни имзолади. Ҳужжат Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи доирасида имзоланди, дея хабар беради «Газета.uz».
Компаниянинг маълум қилишича, Veolia ва Ўзбекистон 2019 йилнинг биринчи ярмида кучга кирувчи ичимлик суви таъминоти ва санитарияси масалалари бўйича аффермаж шартномаси тафсилотларини биргаликда муҳокама қилади. Жами айлама 1,5 миллиард еврони ташкил этади.
Аффермаж шартномаси одатда коммунал инфратузилма объектларидан (масалан, энергия ва сув таъминоти) фойдаланиш учун тузилади. Бунда кўрсатилган хизматлар учун жавобгарлик давлат эмас, балки тўловларни олаётган компания зиммасида бўлади ва у қурилмалардан фойдаланиш билан боғлиқ хавфлар учун жавоб беради.
Француз компанияси 25 йил давомида сув қувурлари ва сув тозалаш иншоотларини бошқариш ҳуқуқини қўлга киритиб, сув таъминоти тармоқларини ривожлантириш ва яхшилаш, Тошкент сув қувурлари тармоқларини модернизация қилишга киритилаётган инвестициялар мониторинги билан шуғулланади.