Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан ноқонуний тарзда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган фуқаролар аниқланди.
«Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаевнинг маълум қилишича, Самарқанд шаҳар Шабот кўчаси 70-уйда фуқаро С.П. давлат рўйхатидан ўтмасдан ун қадоқлаш цехи ташкил қилган. Уддабурон тадбиркор унни Қозоғистоннинг «Дани-нан» бренди туширилган 2 ва 5 килограмлик қопларга қадоқлаб сотишни йўлга қўйган. Ўтказилган назорат тадбири давомида ушбу фуқародан 20 турдаги 139 миллион 21 минг сўмлик тайёр ва ярим тайёр ун маҳсулоти далилий ашё сифатида вақтинчалик олиб қўйилди.
Шунингдек, Ургут тумани, Жартепа маҳалласида жойлашган савдо дўконида фуқаро А.С. давлат рўйхатидан ўтмасдан алкоголь ва салқин ичимликлар савдоси билан шуғулланган. Фуқародан 6 миллион 799 минг 300 сўмлик маҳсулотлар далилий ашё сифатида вақтинчалик олиб қўйилди.
«Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси Солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими томонидан тадбиркорларнинг солиққа оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик мақсадида доимий равишда профилактик суҳбатлар ўтказиб келинмоқда. Биргина жорий йилнинг 5 октябрига қадар 15 нафар рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритаётган тадбиркорлар аниқланди. Уларни давлат рўйхатидан ўтказиш натижасида бюджетга 9 миллион сўмга яқин қўшимча маблағ жалб этилди», — дейди бўлим бошлиғи Шамил Муталибов.
Тадбиркорликнинг ноқонуний фаолиятини олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари давом этмоқда.