Сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида сезиларли ўзгаришлар рўй берди. Халқаро экспертлар, сиёсатшунослар, таҳлилчилар, Марказий Осиё минтақаси билан қизиқувчи томонлар Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларни диққат билан кузатиб, олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ўз хулосаларини баён этмоқда. ЎзА таниқли экспертларнинг шу борада билдирган ўз фикр-мулоҳазалари билан бўлишмоқда.
Навбаҳор Имомова — «Америка Овози» тележурналисти, узоқ йиллардан бери АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсати ва минтақа билан алоқаларини ёритиб келади. Вашингтонда танилган ўзбек мутахассис. Касбий фаолиятини Ўзбекистонда бошлаган. Ҳиндистон ва АҚШ университетларида журналистика соҳасида ўқиган. Гарвард университетининг давлат бошқаруви бўйича Жон Кеннеди номидаги олий мактабини битирган.
Онлайн, яъни интернетда асосланган ахборот манбалари фаоллашди ва ранг-баранглашди — мазмун ва кўлам жиҳатдан. Ўзбекистондаги ҳаётни кенгроқ ёритишга интилаётган, қизиқарли материаллар бераётган, маҳаллий манбаларга таяниб, мунтазам ахборот узатаётган воситалар кўпайди.Жамоатчилик фикрига эътибор ошди. Маҳаллий мутахассислар, жамоатчи фаоллар ва оддий фуқаролар ҳам бугун Ўзбекистон ахборот воситаларида кўпроқ сўзламоқда, фикр алмашмоқда. Бу узоқ йиллар фақат расмий хабарларни бериш билан банд бўлган матбуот учун прогресс.
Эркинлик шабадаси эса бошлади, дейдиган журналистлар кўп, лекин малака ва уқув пастлиги туб муаммо бўлиб қолмоқда. Ўткир журналистлар етиштирадиган даргоҳлар вужудга келиши керак. Журналистика таълимида ислоҳотлар зарур.
Ачинарлиси, ҳукуматнинг ахборот воситаларига нисбатан муносабати ва ёндашуви ўзгармаган. Давлатнинг иши уларни назорат қилиш эмас, уларни ўзига бўйсундириш, ахборот оқимини тўсиш эмас, балки халққа унинг фаолияти ҳақида ҳаққоний ва холис хабарлар етиб боришини таъминлашдан иборат бўлиши керак.
Дунёда ҳукумат борки, информацион таъсирга эга бўлишни хоҳлайди ва шунга ҳаракат қилади. Лекин бу журналистларнинг эркинлигини бўғиш ёки ахборот воситаларини ўз изнига олиш дегани эмас. Бугунги Ўзбекистонда ҳамон шунга гувоҳмиз ва эркинликка эришиш йўлида қилинадиган ишлар талайгина.
Ислоҳотлар самара берсин десак, нафақат журналистлар балки ҳукуматнинг ўзи ҳам профессионаллашиши керак. Халқ ишончли ахборотга эга бўлиши керак. Бу эса ҳукуматнинг ҳам тўғри ахборотга эга бўлишини талаб қилади. Демак, журналистлар мана энди ҳақиқий информацион элчиларга айланиши керак бўлади.
Мутасаддилар матбуот ходимлари билан ишлашни ўрганиб, журналистлар мустақил томон бўлиши шартлигини тан олиб, улар билан касбий этикага асосланган ҳамкорлик ўрнатмас экан, ахборот воситалари халқ ва давлат орасидаги кўприк бўла олмайди.
Навбаҳор Имомова, «Америка Овози» тележурналисти