Наманган вилояти адлия бошқармаси томонидан «Норин деҳқон бозори» МЧЖ раҳбари В.Абдумажидовнинг Норин туманидаги айрим мансабдор шахслар томонидан жамият фаолиятида ноқонуний равишда текшириш ўтказилганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаати ўрганиб чиқилди, деб хабар берди «Инсон ва қонун» нашри.
Ўрганиш жараёнида 2017 йил 21 июлда Норин туман ветеринария бўлими бошлиғи ўринбосари ва участка давлат инспектори ҳамда туман ДСЭНМ ходими томонидан туман ҳокимлиги мансабдор шахсларининг топшириғига асосан «Норин деҳқон бозори» МЧЖ ва унга қарашли Норинкапа филиалида Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг рухсатисиз, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонун талабларига зид равишда ноқонуний текшириш ўтказилган.
Туман ҳокимлиги мансабдор шахслари, Норин туман ветеринария бўлими бошлиғи ўринбосари ва участка давлат инспектори ҳамда туман ДСЭНМ ходимининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Норин туман прокуратурасига юборилган.
Норин туман прокуратураси томонидан туман ҳокими ўринбосари, ветеринария бўлими бошлиғи ўринбосари ва участка давлат инспектори ҳамда ДСЭНМ ходимига нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, туман маъмурий судининг 2017 йил 27 октябрдаги қарорлари билан уларнинг ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида маъмурий жарима жазоси тайинланди.