Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита АҚШ Давлат департаментининг 2013 йил бўйича жаҳондаги дин эркинлиги тўғрисида эълон қилган маърузасини рад этиб, хабар чоп этди.
«Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятлар, жумладан Ўзбекистон Республикасидаги диндорлар ҳуқуқлари ҳақидаги маълумот, аввал бўлганидек, душманларимизнинг сиёсий мулоҳазаларидан келиб чиқиб берилган. Йилдан йилга аллақачон эскириб, ҳозирда ҳеч қандай долзарбликка эга бўлмаган жиҳатларни кўчириб олиш давом этмоқда. Маърузада атайлабдан, бехабар кишиларда бутун Ўзбекистонга нисбатан бадхоҳ муносабатни келтириб чиқарадиган иборалар қўлланилган, бу эса ҳужжатдаги ишончсиз манбалардан олинган маълумотлар оғиздан-оғизга ўтиб кетишига олиб келиши мумкин», — дейилади қўмита хабарида.
Хабарда Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуни тилга олиниб, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 2013 йил сентябрида бўлиб ўтган йиллик мажлисида унинг дунёдаги энг енгиллик билан ижро этилаётган қонунлардан бири сифатида эътироф этилгани таъкидланди.
Қўмитанинг қайд этишича, қонунчиликка кўра, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказишда чекловлар йўқ. Бугунги кунда Ўзбекистонда 16 та турли диний конфессияларнинг 2236 та диний ташкилотлари фаолият олиб бормоқда.
Ўзбекистон Конституциясида кўрсатилганидек, диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди (61-модда).«Бироқ бу давлатнинг диний ташкилотлар ва оддий диндорлар эҳтиёжларига эътибор қилмаслиги керак дегани эмас. Ушбу тамойилдан келиб чиқиб, давлат диний ташкилотлар ва улар ўтказаётган тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди», — дейилади хабарда ва бунинг тасдиғи сифатида мисоллар келтирилади.
Бундан ташқари, диний материалларни тайёрлаш, ташиш ва тарқатиш билан боғлиқ вазиятга ҳам ойдинлик киритилиб, 2014 йил январида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарор эслаб ўтилди. Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, ташиш ва тарқатишга фақат давлат диний экспертизасидан ўтказилгандан кейингина рухсат берилади.
«Маърузада санаб ўтилган маълумотларнинг кўпчилиги эскириб, ўз кучини йўқотган», — дея таъкидлади қўмита, уларнинг баъзиларини шарҳлаб ўтар экан.
«Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари, шу жумладан диндорлар ҳуқуқларига риоя этилиши меъёрлари мустаҳкамдир. Ҳукумат ушбу тамойилдан келиб чиқиб, дин соҳасида ҳар томонлама ўйланган сиёсат олиб боради. Ушбу фикрни тушуниш ва қабул қилишнинг энг яхши йўли — бу Ўзбекистон Республикасига шахсан келиб, бунга ишонч ҳосил қилиш», — дейилади Дин ишлари бўйича қўмита хабарида.