Pepsi компанияси ўзи эълон қилган акция шартларини бажармасликда айбланмоқда.
«Дарё» мобил мухбири ютуқни сўраб мурожаат қилиш учун кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилиб, фақат бир марта жавоб олганини, ўшанда 6 сентябрда совғани қаердан олиб кетиш ҳақида хабар беришни ваъда қилишганини қайд этди. «Ўшандан бери қўнғироқларга умуман жавоб беришмаяпти», — дея ўз норозилигини изҳор этди мобил мухбир. У шунингдек, совғаларнинг муҳим эмаслигини, гап ўз сўзида турмасдан, одамлар устидан кулиш ҳақида бораётганини таъкидлади.
Pepsi акцияси доирасида совғалар тақдим этилиши юзасидан бошқа кўплаб шикоятларни ҳам кузатиш мумкин. Facebook’даги «Жамоатчилик назорати» гуруҳи аъзоларидан бири ҳам акция шартларини бажариб, совға олиш пунктига борган кишилар оворагарчиликка учраётгани ҳақида ёзган.
Маълум бўлишича, аввалдан белгилаб қўйилган манзил бошқа жойга кўчирилган, лекин бу ҳақда ҳеч ким олдиндан аниқ кўрсатма бермаган. Бундан ташқари, тақдим этилган совғалар сифати ҳам кутилганидек бўлиб чиқмаган. «Бундай совғалар у ерга бориш учун кетган вақтингиз ва пулингизга арзиш-арзимаслигини ўзингиз ҳал қилинг», — деб ёзади фойдаланувчи.
Постга фикр билдирганларнинг кўпчилиги акциядан худди шундай натижани кутганини қайд этган. «Бунинг ҳайратланарли жойи йўқ», — деб таъкидлади улардан бири.
Гуруҳ аъзоларининг яна бир қисми эса улар ҳам акцияда иштирок этмоқчи бўлганини, бироқ хабарни ўқиб, ҳафсаласи пир бўлганини айтган.
Изоҳ (0)