Facebook ижтимоий тармоғидаги «Водители Ташкента» гуруҳи аъзоларидан бири жойлаган видеороликда 12 автомобиль қизил чироққа қарамай пиёдалар ўтиш йўли билан бўлган чорраҳадан ўтиб кетди.
Воқеа Тошкентдаги Шота Руставели ва Кичик Миробод (собиқ Ивлева) кўчалари кесишмасида бўлиб ўтди.
Гуруҳ фойдаланувчилари қоидабузарларга нисбатан салбий фикрлар билдирди. Бир фойдаланувчи бундай қоидабузарларнинг ғилдиракларини пучайтириб қўйишни таклиф этган бўлса, иккинчиси бундай қўпол қоидабузарликлар Тошкентда одатий ҳол бўлиб қолганини, қизил чироққа ўтиб кетиш ҳеч кимни ҳайратлантирмаслигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, светофор сигналларига бўйсунмаган автоҳаваскорга энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баробарида жарима солинади. Видеода акс эттирилган 12 та қоидабузарлик давлат ғазнасига жарима кўринишида 2 306 520 сўм фойда келтириши мумкин эди.