«Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти томонидан почта алоқаси объектлари ходимларининг ўз мажбуриятлари бажарилишига масъулиятсиз ёндашишларига йўл қўймаслик, почта хизматини кўрсатиш технологиялари талабларини тўғри бажаришлари бўйича мунтазам равишда ишлар олиб борилмоқда.
«Ўзбекистон почтаси» матбуот хизмати хабар беришича, жорий йилнинг июль ойида Қашқадарё филиалининг Бешкент, Янгинишон, Чироқчи, Қамаши, Муғлон, Ғузор ва Қарши шаҳар почта алоқаси тармоқларида, тармоқ ходимлари, алоқа бўлими бошлиқлари, почтачилар ва маҳалла фуқаролари йиғинлари вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказилди.
Мазкур йиғилишларда пенсионерларга пенсия ва нафақа пулларини етказиб беришда уларни ҳурмат қилиш, пенсионерларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, почта хизматлари сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Йиғилишларда почта алоқаси объектлари ходимлари томонидан пенсия пул маблағларини ўз вақтида етказиб берилмаслигига йўл қўйиб бўлмаслиги белгилаб ўтилди.
Почта алоқаси обйектлари ходимлари фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш, хизмат кўрсатиш сифати ва мижозларнинг почта алоқасига бўлган ишончига салбий таъсир қилувчи ҳолатларга йўл қўймаслик чоралари кўрилиши тўғрисида Жамият раҳбарияти вакилларига ваъда беришди.