Қайси университетларнинг талабалари кўпроқ жиноятга қўл ургани очиқланди
Талабалар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шариповга парламент сўрови юборилди. Бу ҳақда Олий мажлис сенати матбуот хизмати хабар қилди.
Маълумотларга кўра, 2024 йилда олий таълим муассасалари талабалари иштирокида 761 та жиноят содир этилган бўлса, 2025 йилнинг 6 ойи давомида 102 та олий таълим муассасасининг 307 нафар талабаси жиноятга қўл урган.
Ушбу жиноятларнинг аксарияти йўл-транспорт ҳодисалари, ўғрилик, тан жароҳати етказиш, безорилик ва фирибгарлик билан боғлиқ.
Ҳудудлар кесимида эса энг кўп жиноят Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро, Наманган, Андижон, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё вилоятларида қайд этилган.
Олий таълим муассасалари кесимида жиноятларнинг кўпчилик қисми Тошкент давлат транспорт университети, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳиссасига тўғри келади.
Талабаларнинг дарс машғулотларига қатнашини етарли даражада мониторинг қилинмаганлиги оқибатида улар томонидан жиноятлар дарс вақтида, яъни соат 08:00 дан 16:00 гача бўлган давр мобайнида ҳам содир этилган.
«Талабаларнинг ётоқхоналарга кириб-чиқиши, яшаши ҳамда тунги вақтда бўлиши устидан назорат етарли даражада эмас.
Соҳада фаолият юритаётган шахсларга нисбатан коррупция ҳолатлари бўйича қатор жиноят ишлари қўзғатилган», дейилади сенат хабарида.