Шавкат Мирзиёевнинг топшириғидан сўнг Абдулла Арипов маҳаллий автомобилдан фойдаланишга ўтган. Бу маълумотни бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов “Дарё”га тасдиқлади.

Абдулла Арипов 7 март куни видеоселектор йиғилиши ўтказиб, барча амалдорларга хорижий хизмат машиналаридан фойдаланишни тўхтатишни топширган.
Бош вазир матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятовнинг “Дарё”га тасдиқлашича, амалдорлар бу қоидани 1 апрелдан жорий қилишни таклиф этган.
“Президентимиз берган барча топшириқларни сўзсиз бажаришимиз шарт, муҳокамага ўрин йўқ. Менга буни 20 мартдан ёки 1 апрелдан жорий қилайлик, деб таклиф беришяпти. Йўқ, унақаси кетмайди. Президентимиз топшириқ бердими, зудлик билан бажаришимиз шарт. Бу ҳукуматнинг асосий вазифаси”, деган бош вазир видеоселекторда.
Бош вазир матбуот котибининг қўшимча қилишича, бугунги кунда ҳукумат таркибидаги барча вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари хизмат автомобили сифатида маҳаллий автотранспортлардан фойдаланишга ўтган. Шу кунгача фойдаланиб келинган жорий автотранспорт воситалари эса босқичма-босқич “E-auksion” – электрон савдо платформаси орқали сотувга чиқарилади.
Шавкат Мирзиёев 5 март куни коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда хизмат транспортида юришни кескин қисқартириб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилга ва мебелга ўтиш зарурлигини айтганди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ҳисоб палатасига парламентнинг бюджетга масъул қўмиталари билан биргаликда тўғридан тўғри харидларни икки карра қисқартириш топширилди.
Изоҳ (0)