Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газ учун янги тарифлар 1 апрелдан эмас, 1 майдан кучга киради. Бу ҳақда “Дарё”га бош вазир матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятов маълум қилди.

Унинг билдиришича, бундай қарор президент топшириғига кўра аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинди.
2025 йил апрелдан бошлаб электр энергияси ва табиий газ учун янги тарифлар оширилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан белгиланганди. Эндиликда ҳукуматнинг ушбу қарорига ўзгартириш киритилади.
Нархлар қандай ўзгариши белгиланганди?
Вазирлар Маҳкамаси қарорида 2025 йил апрелдан бошлаб электр энергияси истеъмолчиларнинг III гуруҳи, шу жумладан, овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп қаватли уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшовчи маиший истеъмолчилар учун бир ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб:
- ойига 200 кВт/соатгача – 300 сўм;
- ойига 201 кВт/соатдан 1 000 кВт/соатгача – 500 сўм;
- ойига 1 001 кВт/соатдан 5 000 кВт/соатгача – 750 сўм;
- ойига 5 001 кВт/соатдан 10 000 кВт/соатгача – 875 сўм;
- ойига 10 000 кВт/соат ва ундан юқори – 1 000 сўмдан этиб белгиланганди.
Истеъмолчиларнинг I гуруҳига кирувчи қисми ўзгаришсиз – 1 кВт/соат учун 1 000 сўм этиб белгиланганди. II гуруҳ истеъмолчилар учун ҳам бир киловатт соат электр энергияси 1000 сўмдан етказиб берилиши белгиланганди. Истеъмолчиларнинг IV гуруҳи ҳам шу санадан эътиборан бир кВт/соат электр энергияси учун 1 000 сўмдан тўлаши кўзда тутилганди.
Қолган маиший истеъмолчилар учун эса бир ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб қуйидагича белгиланганди:
- ойига 200 кВт/соатгача – 600 сўм;
- ойига 201 кВт/соатдан 1 000 кВт/соатгача – 1 000 сўм;
- ойига 1 001 кВт/соатдан 5 000 кВт/соатгача – 1 500 сўм;
- ойига 5 001 кВт/соатдан 10 000 кВт/соатгача – 1 750 сўм;
- ойига 10 000 кВт/соат ва ундан юқори – 2 000 сўм.
Аҳолининг коммунал-маиший эҳтиёжлар учун истеъмол қиладиган табиий гази учун нархлар қуйидагича ўзгариши кўзда тутилганди:
- ойига 500 куб метргача – 1 000 сўм;
- ойига 501 куб метрдан 2 500 куб метргача – 1 800 сўм;
- ойига 2 501 куб метрдан 5 000 куб метргача – 2 100 сўм;
- ойига 5 001 куб метрдан 10 000 куб метргача – 2 500 сўм;
- ойига 10 001 куб метр ва ундан юқори миқдорда табиий газ истеъмол қиладиганлар бир куб метр учун 3 000 сўм.
Автомобильларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари учун бир куб метр табиий газ 2 500 сўмдан етказиб берилиши белгиланган бўлса, иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик электр марказлари бунинг учун 1 800 сўмдан тўлаши кўзда тутилганди.
Аҳолига маиший эҳтиёжлар учун сотиладиган суюлтирилган газнинг бир килограмми учун тўлов 2 000 сўм бўлади.
Марказий банк раиси Тимур Ишметовга кўра, энергия ва ёнилғи нархлари ўсиши инфляция ошишига 1,8–1,9 фоиз атрофида бирламчи таъсир қилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)