Ижтимоий тармоқларда Солихон домла номи билан танилган Солихон Ортиқхўжаев 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари “Дарё”га хабар берди.
Маълум қилинишича, Солихон Ортиқхўжаев жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, 30 март куни Сергели тумани ИИО ФМБ ходимлари ва ДХХ ходимлари томонидан жиноятда гумон қилиниб, қидирувда бўлган фуқаро бўйича қидирув ишлари олиб бориш давомида, тинтув ўтказиш тўғрисидаги қарорга асосан унинг уйига борганида, ходимларга нисбатан носамимий муносабатда бўлган.
Бақир-чақир қилиб, баланд овозда “террорчи эмасман, сиёсатга қарши эмасман, жиноятчи эмасман”, деб шовқин қилиб, шу ердан ўтиб кетаётган фуқораларнинг тинчлигини бузгани ҳамда ИИО ходимлари томонидан ўзига тегишли бўлган телефон аппаратини тақдим қилиш сўралганида, уларга телефонини тақдим этмасдан, ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармаган.
Суд мажлисида у ҳуқуқбузарлик ҳаракатига қисман иқрорлик билдириб, ҳақиқатан ҳам, хонадонига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар келганини, тинтув бўйича ҳужжатлари борлигини айтиб уйига киришганини, ИИО ходимлари унинг қўл телефонини сўраганида уларга қаршилик кўрсатиб, телефон аппарати йўқлигини айтганини, лекин бақир-чақир қилмаганини айтиб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўради.
Фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган, деб топилди ва унга:
183-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, яъни 340 000 жарима жазоси тайинланди. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси тартибида Ортиқхўжаев Солихон Махкамовичга узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)