Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Шаҳноза Султонова пойтахтда ажрим ёқасига келиб қолган, умуман ярашишидан умид йўқ, оиланинг ярашиши аёлга турли хил босим олиб келиши мумкин бўлган оилаларнинг ажрими учун ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини айтди. Ҳокими ўринбосари, шунингдек, туман ҳокимлиги масъуллари ва ФҲДЁ мудираси статистика “ўсиб кетмаслиги” учун уларнинг ажрашишига тақиқ қўйилмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда у Янгиҳаёт тумани ҳокимлигида ташкил этилган матбуот анжуманида гапирди.
2025 йилнинг 28 февраль, жума куни Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт тумани ҳокимлигида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда нафақат туманда, пойтахтда хотин-қизлар билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг айни кундаги ечимлари ҳақида сўз борди.

Матбуот анжуманида сўз олган “Дарё” журналисти масъуллар, хусусан Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари ва Янгиҳаёт ҳокимлиги масъулига юзланиб, пойтахтда ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш борасида яхши ишлар олиб борилаётганини таъкидлаб, кези келганда масъуллар статистика “ўсиб кетмаслиги” учун умуман ярашишидан умид йўқ, турли аралашувлар орқали яраштирилса, оила бекасига тазйиқ ва зўравонликлар бўлиши мумкин бўлган оилаларнинг ажралишига тўсиқ қўйилаётгани ҳақида сўради.

Саволга жавоб берган Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Шаҳноза Султонова айнан пойтахт ва унинг туманларидаги масъуллар — туман хотин-қизлар бўлими бошлиғи ва ФҲДЁ мудираси ажримлар статистикаси ошиб кетмаслиги учун бундай тўсиқлар қўймаслигини, ҳудудда бу каби ҳолатлар йўқлигини айтди.
Тошкент шаҳри ва унинг барча туманларида ҳам бу каби мажбурлаш ҳолатлари йўқ, деди Шаҳноза Султонова.

Масъулнинг айтишича, ажрашиш ниятида масъулларга мурожаат қилган эр-хотиннинг қабулда ўзини тутиши, бирга ўтириш ёки ўтирмаслиги, аёл кишининг лаб буриши бу оиланинг ярашиш нияти бор ёки йўқлигидан дарак беради.
Ажрашмоқчи бўлиб келдик деган эр-хотиннинг ёнма-ён ўтиришида кўзининг, оғзининг чети учиб туриши, елкасининг қимирлаб туриши, гапираётганда бир-бирига энса қотириши, агрессия борлиги ва аёлнинг эрига умуман итоат этмаслиги оиланинг ярашиш нияти бор ёки йўқлигини аниқ кўрсатади. Бундай оилаларга қанчалик гапирманг, маслаҳат берманг фойдаси йўқ. Оила ажрашиш нуқтасига келиб қолган бўлса, биз ҳеч қачон уларни шунчаки яраштириб, вақтинчалик чора қилмаймиз. Ва ҳеч қандай муддат бермаймиз”, дейди шаҳар ҳокими ўринбосари.

Масъулнинг маълумот беришича, пойтахтдаги ажримларга кўпинча учинчи шахсларнинг аралашуви сабаб бўлмоқда.
Аслида яшаш нияти бор, бироқ ҳар икки томондаги учинчи шахсларнинг, ота-оналарнинг аралашуви сабаб мўлтиллаб турган ёшлар масаласини ўрганганимизда аслида муаммо учинчи шахсларда эканини билсак, ёшлар билан эмас айнан шу учинчи шахслар билан ишлаймиз. Ва ёш оиланинг ярашиб кетишини таъминлаймиз, дейди Шаҳноза Султонова.
Янгиҳаёт тумани ҳокими ўринбосари, туман оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Ирода Абдуллаева эса туманда иш бошлаган пайтда 7-10 кишилик аъзодан иборат оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш деб номланган яраштирув комиссияси аъзоларини камайтириб, оилавий можароларни комиссиягача бўлган жараёнда кўриб чиқиш амалиётини жорий қилганини айтди.

Бир оила сирини 10 кишидан иборат комиссия эшитиши ва бу оиланинг эртага ярашишидан умид қилишимиз шахсан менга нотўғридек кўринган. Оиланинг кўчага чиқиши керак бўлмаган сирларини 10 киши эшитгани ва бу гапларнинг сирлилиги қолмаслиги жудаям уятли ҳолат. Шу сабаб оила масаласини аввал тор доирада ўрганиб чиқиш амалиётини йўлга қўйганмиз. Яъни комиссияга қадар. Масалан, оила эртага ярашиб кетиб, чиройли яшаб юрганда ўша дилхираликлар ва айтилиши керак бўлмаган гапларни эшитган комиссия аъзолари билан юз-юзга тушиши, кўз-кўзга тушиши деган гап бор-да, дейди Ирода Абдуллаева.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Ўзбекистон ҳудудлари бўйича энг кўп оилавий ажримлар Тошкент шаҳрида кузатилган бўлиб, 5913 тани ташкил қилган.
Изоҳ (0)