Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилиши доирасида Ўзбекистонда бўлиб турган Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Саудни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Саудия Арабистони ташқи сиёсий идораси раҳбари Ўзбекистон етакчисига подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд, бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказган.
Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ва кенг кўламли шерикликни олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
Бугунги кунда турли даражаларда фаол мулоқотлар ва делегацияларнинг ўзаро ташрифлари давом этмоқда. Ўзаро савдо ҳажми, қўшма корхоналар ва авиақатновлар сони ошиб бормоқда.
“Яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, IT ва бошқа устувор соҳаларда кооперация лойиҳалари бошланган.
Бўлажак тадбирлар, шу жумладан, 2025 йилда ўтказиладиган Марказий Осиё—Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши мулоқотининг иккинчи саммитига пухта тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, минтақавий кун тартибидаги бошқа масалалар, хусусан, Афғонистондаги вазият ва Фаластин муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан фикр алмашилган.
Изоҳ (0)