“Буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий ижодий меросини юртимиз ва жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш ҳамда Навоий вилоятида “Алишер Навоий йили”ни юқори даражада ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан Навоий вилоятида 2025 йил “Алишер Навоий йили” деб номланди.
Алишер Навоий ижодий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш ҳамда Навоий вилоятида “Алишер Навоий йили”ни юқори даражада ўтказиш бўйича республика комиссияси ҳамда чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Алишер Навоий меросини ўрганиш ишларини янада юксак босқичга кўтариш мақсадида юртимиз ва чет элларда тизимли асосда илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш, ушбу мавзуда янги илмий, бадиий ва оммабоп асарлар яратиш, хориждаги навоийшунос олим ҳамда ижодкорларнинг асарларини ўзбек тилида нашр этиш чораларини кўриш Республика комиссиясининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Навоий давлат университетида 2025 йил 10–15 октябрь кунлари “Алишер Навоий илмий-адабий меросининг умумбашарият маънавий ва маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилади. Қарорга кўра Навоий вилоятида 8—9 февраль кунлари “Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси” халқаро симпозиуми бўлиб ўтди.
“Ҳазрат Навоийни англаш – ўзлигимизни англаш” мавзусида республика танлови, шунингдек, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда “Навоийхонлик кечалари” ташкил этилади.
Шавкат Мирзиёев 2024 йил ноябрида бўлиб ўтган мажлисда Навоий вилоятида 2025 йилни “Алишер Навоий йили” деб эълон қилишни таклиф қилганди. Мажлисда бу йил доирасида “Ҳазрат Навоийни англаш — ўзлигимизни англаш” мавзусида президент совғаси учун республика танлови ташкил этилиши айтилганди.
Изоҳ (0)