Аввалроқ Тошкент шаҳридаги Президент мактаби барқарор ривожланиш бўйича Шайх Зоид ал Наҳаён номидаги нуфузли мукофотнинг “Глобал ўрта мактаблар” номинациясида ғолиб деб топилгани ҳақида хабар берилганди. Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ўқувчиларини табриклади.
“Таълим тизимимизнинг ютуқлари халқаро майдонда яна бир бор эътироф этилди. Тошкент шаҳридаги Президент мактаби Шайх Зоид Ол Наҳаён номидаги нуфузли мукофотнинг “Глобал ўрта мактаблар” номинациясида ғолиб деб топилди.
Мактаб ўқувчилари Паҳлавон Ғуломов ва Асилбек Ашрапов ҳамда уларнинг устози Соҳибхон Азизовнинг ёмғир сувини ичишга яроқли даражагача қайта ишлаш лойиҳаси ғалабани қўлга киритди”, – деб ёзади Саида Мирзиёева.
Қайд этилишича, танловга 156 та давлатдан жами 5980 та ариза келиб тушган эди. Бугун Абу-Дабида мукофотни ўқувчиларга Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён шахсан топширди.
“Ёшларимизнинг бу ажойиб муваффақияти барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди, шунингдек, Президентимиз танлаган барқарор ва “яшил” ривожланиш йўли нақадар тўғри эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Биз ўқувчиларимизга янада юксак ютуқлар ва янги зафарлар тилаймиз!”, – деб ёзган Президент ёрдамчиси.
Изоҳ (0)