Сенатнинг 24 октябрь куни ўтказилган ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди.
Қайд этилишича, бугунги кунда ноқонуний ов қилиш, браконьерлик туфайли ҳайвонот ва наботот турлари сони тобора камайиб бормоқда. Натижада экологик вазият кескинлашяпти, бу эса жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Қурилиш ва бошқа ишларни амалга оширишда кимёвий, биологик ва бактериологик воситалардан фойдаланган ҳолда қасддан дарахтларни қуритиш ҳолатлари учраяпти. Шунингдек, сув ҳавзаларида турли ноқонуний усуллар ёрдамида, хусусан, электр токи, портловчи ва кимёвий моддалар ҳамда биологик препаратларни қўллаган ҳолда балиқ овлаш ортиб бормоқда.
“Амалдаги қонунчиликда бундай қилмишлар учун жазо чораларининг енгиллиги эса браконьерларга жуда қўл келмоқда. Боз устига, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, кўрсатмаларини бажармаслик учун белгиланган санкция мазкур йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини таъминлаш имконини бермаяпти”, дейилади Сенат матбуот хизмати хабарида.
Таклиф этилаётган қонун билан амалдаги иккита кодекс ва иккита қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Жумладан, Жиноят кодексига ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, электр токини, портловчи, кимёвий моддаларни ёки биологик препаратларни қўллаган ҳолда ов қилиш ёхуд балиқ овлаш учун БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача жарима белгиланмоқда ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинмоқда, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда. Оғирлаштирувчи ҳолатларда қўшимча жазо сифатида муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси ҳам киритилмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун кўзда тутилган жарималар миқдори икки бараварга оширилмоқда.
Кимёвий, биологик ва бактериологик воситалардан фойдаланган ҳолда, шунингдек, бинолар, иншоотлар ёки бошқа объектларни қуриш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ёхуд ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуриш ҳамда капитал таъмирлаш вақтида дарахтларга, буталарга ёки бошқа ўсимликларга қасддан шикаст етказиш, пайҳон ва нобуд қилиш ҳуқуқбузарликлари учун жавобгарлик белгиланиб, фуқароларга БҲМнинг 35 бараваридан 50 бараваригача, мансабдорларга эса БҲМнинг 60 бараваридан 75 бараваригача жарима назарда тутилмоқда.
Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузганлик, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик эса икки бараварга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Экология давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, кўрсатмаларини бажармаганлик учун жавобгарлик кучайтирилиб, фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача мансабдорларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача жарима белгиланмоқда.
Изоҳ (0)