Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети — Green University’да бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Илгари бу соҳада яхлит олий таълим даргоҳи йўқ эди. Давлат раҳбарининг 2023 йил 31 майдаги қарори асосида ташкил этилган мазкур университетда замонавий экологик йўналишлар қамраб олинди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида мамлакатда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш чоралари кўрилмоқда. Маълумки, бу иқлим ўзгаришлари, сув ва энергетика софлиги, соғлик, таълим, истеъмол ва ишлаб чиқариш каби 17 та фаровонлик вазифаларини қамраб олган бўлиб, улар кўп жиҳатдан кадрлар малакасига боғлиқ. Шу боис университетда атроф-муҳит ва барқарор бошқарув, атроф-муҳит ва иқтисодиёт, экология ва давлат бошқаруви, барқарор ривожланиш, барқарор молия, экология ҳуқуқи, атроф-муҳит соҳасида оммавий коммуникациялар йўналишлари очилган.
450 ўринга мўлжалланган ўқув биноси таъмирланиб, замонавий шароитлар яратилган. Хоналар соҳага доир анжомлар, компьютерлар ва сунъий интеллект ускуналари билан жиҳозланган. Таълим инглиз тилида олиб борилади. Бунинг учун АҚШ, Буюк Британия, Мексика ва Франциядан чет эллик ўқитувчилар ҳам жалб этилган.
Президент университет мутахассислари ва талабалари билан суҳбатлашди.
“Ҳозир экология худди рақамли технологиялардай долзарб. Келажакда ҳамма соҳа атроф-муҳит билан ҳамоҳанг бўлади. Шунинг учун бу ерда экологик иқтисодиёт, молия, ҳуқуқ каби йўналишлар ташкил этилди. Энди дуал таълимни кенгайтириб, бу ердаги билимларни тезроқ жойларда татбиқ қилиш керак”, деди Шавкат Мирзиёев.
Мутасаддиларга экология соҳасида қуйи бўғин кадларини тайёрлаш бўйича Қорақалпоғистон ва ҳар бир вилоятда техникумлар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
Университетда хорижий олий таълим ташкилотлари билан академик ва касбий тажриба алмашиш йўлга қўйилган. Ўқув дастурлари улар билан ҳамкорликда, “фан-таълим-ишлаб чиқариш интеграцияси” тамойили асосида ишлаб чиқилган.
Замонавий лаборатория талабаларни илмга жалб этиш, тажрибасини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Унда ер, сув, биохилма-хиллик ва чиқинди намуналари ҳар хил муҳитда текширилиб, илмий хулосалар берилади. Давлат раҳбари ушбу лабораторияни ҳам кўздан кечирди.
“Бу ерда илмий салоҳият бор, зарур ускуналар бор. Бундан самарали фойдаланиш керак. Масалан, ер-сув шароитлари оғир туманлар бўйича шартнома асосида таҳлиллар ўтказиш мумкин. Бу икки томонлама манфаатли бўлади”, деди президент.
Муассасада фанлараро тадқиқотлар қилиш, инновацион педагогик услуб ва технологияларни ишлаб чиқиш, илмий-тадқиқот ва амалий билимларни интеграция қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқув жараёни Hub and Spoke тамойили асосида ташкил этилган. Бу яхлит ўқув тизимини яратиш, ресурсларни оптималлаштириш, талабалар ва мутахассисларнинг ҳаракатчанлигини ошириш каби жиҳатлар билан ажралиб туради.
Green University’дан лавҳалар
Изоҳ (0)