Ижтимоий тармоқларда фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судьяси очиқ суд мажлисидан блогерни ҳайдаб чиқаргани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Унда айтилишича, блогер судья Д.Исматуллаева раислигида кўриб чиқилаётган фуқаролик низосига доир суд мажлиси жараёнини видеотасвирга олишни сўраб илтимоснома киритган. Илтимосномани жойида ажрим чиқариб, рад қилишдан ташқари, судья блогерни ҳам суд мажлисидан чиқариб юборган.
Олий суд пленумининг қарорига кўра, фуқаролик ишини кўришда очиқ суд мажлисини фототасвирга тушириш, видеоёзувни амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилиш тарафларнинг розилиги ва раислик этувчи судьянинг рухсати билан амалга оширилади.
Бироқ илтимоснома рад этилиши блогер ёки журналистнинг суд мажлисини тарк этиши шарт эканини англатмайди. Чунки Олий суд пленумининг мазкур қарорида “... суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ҳар қандай иш бўйича эркин тарзда ёзма қайдлар қилишлари, стенограмма юритишлари (иқтисодий иш ёки маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан иш кўрилаётганда эса, шунингдек, аудиоёзув олиб боришлари) мумкин”лиги белгилаб қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Судьялар олий кенгашидан изоҳ кутиб қоламиз.
Изоҳ (0)