Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов 14 октябрь куни телефон орқали мулоқот қилди.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилди.
Президент Туркманистон етакчисини шоир ва мутафаккир Махтумқули Фироғийнинг 300 йиллик юбилейига бағишланган халқаро форум муваффақиятли ўтказилгани билан яна бир бор табриклади ҳамда Ашхобод шаҳрида кўрсатилган самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.
Яқиндаги учрашувда эришилган келишувлардан келиб чиқиб Ўзбекистон—Туркманистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари бўлажак тадбирлар режасини ҳам муҳокама қилди.
Шавкат Мирзиёев 2024 йилнинг февралида “Буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолаганди. Туркманистон Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ушбу қарор учун миннатдорчилик мактуби йўллаганди.
Ўзбекистон президенти 11 октябрь куни Ашхобод шаҳрида туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган “Замон ва цивилизацияларнинг ўзаро боғлиқлиги — тинчлик ва тараққиёт асоси” мавзусидаги халқаро форумда иштирок этди. Давлат раҳбари Махтумқулининг 300 йиллик юбилейи муносабати билан медал билан мукофотланди.
Шавкат Мирзиёев тадбир доирасида Туркман халқининг миллий етакчиси билан учрашиб, унга Махтумқулининг ўзбек тилида нашр этилган танланган асарлари тўпламини совға қилди.
Изоҳ (0)