Ўқувчисини калтаклаган Target хусусий мактаби ўқитувчилари жаримага тортилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди мажлисида қатнашган “Дарё” журналисти хабар берди.
Маълум бўлишича воқеа 2024 йилнинг 26 сентябрь куни содир бўлган.
Хусусий мактабнинг 25 ва 27 ёшли ўқитувчилари таълим даргоҳининг 9-синф ўқувчисини кетма-кет калтаклаган. Мазкур ҳуқуқбузарлик кўрилган суд мажлисида тарафлар жараённи видеотасвирга олишга норозилик билдирди.
27 ёшли ўқитувчи ўқувчиси дарсга кеч қолгани учун чизғич билан урганини тасдиқлади.
Ўқувчим дарсга кечикиб келди, лекин мен унга тан жароҳати етказиш учун урмадим, деди судланувчи ўқитувчи.
Судда сўз олган 25 ёшли ўқитувчи ҳам айбини тан олди.
Мен ўқувчимнинг кафт қисмига урдим. Экспертиза хулосасида кафт қисмига зарар етказилган деса, қонун олдида жавоб беришга тайёрман, деди айбини тан олган 25 ёшли ўқитувчи ҳам.
Ўқувчининг судда тушунтириш беришича, дарсга кечикишининг сабаби бўлган ва бу учун у рухсат олган.
Бу мактабда ўтган йили ҳам шунақа ҳолат бўлган. Кўп ўқувчилар буни ота-онасига айтмай, беркитиб келган, деди жабрланувчи ўқувчи.
Судда тиббий экспертизаси хулосаси ўқиб эшиттирилди. Мактаб ўқувчисига енгил тан жароҳати етказилгани тасдиқланди.
Суд қарорига кўра, ҳар икки ўқитувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жаримага тортилди.
Изоҳ (0)