“Ҳаж 2025” дастури бошлангани муносабати билан 2025 йил 14 апрелдан бошлаб Uzbekistan Airways Тошкент—Жидда—Тошкент йўналишидаги рейсларда умра визасига эга йўловчиларни қабул қилишни тўхтатди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 14 апрелдан бошлаб авиакомпания рейслари орқали Саудия Арабистонига бораётган барча йўловчилар Тошкентга қайтиш чиптасига эга бўлиши ва 2025 йил 30 апрелгача мамлакат ҳудудини тарк этиши шарт.
Агар 30 апрелдан кейин Саудия Арабистонида қолган йўловчилар аниқланса, жарималар учун жавобгарлик агент ёки йўловчининг зиммасига юкланади.
Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси бош бошқармаси айланмасига мувофиқ, Uzbekistan Airways томонидан амалга оширилаётган Тошкент—Жидда—Тошкент рейслари 2025 йил 30 апрелдан бошлаб бекор қилинади.
Ўзбекистонда ҳаж квотаси сўнгги йилларда 3 баробарга оширилган
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ўзбекистонликлар учун ҳаж квотаси сўнгги йилларда 3 баробарга оширилиб, ҳар йили 15 минг нафар ўзбекистонликлар ҳожи бўлгани, умра зиёратчилари сони бир неча юз мингни ташкил этаётгани, уларга бўлган ҳурмат-эътибор, шарт-шароитлар борган сари яхшиланиб бораётганини маълум қилганди. 2024 йилги ҳаж мавсумида Ўзбекистонда 15 150 нафар зиёратчи ҳаж амалини бажарган.
Саудия Арабистони қироллиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги чиқарган меъёроий ҳужжатга кўра, ҳажга борувчилар менингитга қарши эмланиши зарур. Санэпидқўмита ҳам Ўзбекистонга юқумли касалликларнинг четдан кириб келишини олдини олиш ва эпидемиологик барқарорликни сақлаб қолиш мақсадида зиёратчиларни менингитга қарши эмлаш тавсия этган.
Изоҳ (0)