АҚШ президенти Дональд Трамп Россия ва Украина президентлари Владимир Путин ҳамда Владимир Зеленскийни қайсар деб атади. У буни музокаралар жараёни бошланганига қарамай, ҳарбий ҳаракатлар давом этаётгани билан изоҳлади.
“Мен Путин билан кўп нарсаларни бошдан кечирдим. Музокаралар давомида Киев каби шаҳарларни ўққа тутиш давом этганида жуда ҳайрон бўлдим. Нафақат Путин, балки Зеленский ҳам — иккаласи ҳам жуда қайсар”, деди Трамп Оқ уйда журналистларга.

Унинг айтишича, музокаралар жараёни тез ва муваффақиятли якунланишига аллақачон умид қилган. Бироқ Трампнинг сўзларига кўра, 16 май кунги музокараларнинг биринчи раундидан сўнг Россия ракета ҳужумларини қайта бошлаган. АҚШ президенти бундан “жуда ҳафсаласи пир бўлганини” маълум қилди .
Россия Мудофаа вазирлигининг қайд этишича, улар фақат “махсус операция доирасида ҳарбий нишонларга зарба бермоқда”.
Россия 28 май куни 2 июнда Истанбулда Украина билан тўғридан тўғри музокараларнинг иккинчи босқичини ўтказишни таклиф қилганди. Киев бунга жавобан томонлар позицияларини аниқлаштириш шартини қўйган.
Истанбулда 16 май куни сўнгги уч йил ичида илк бор Россия ва Украина ўртасида тўғридан тўғри музокаралар бўлиб ўтди. Россия делегациясига Россия президенти ёрдамчиси Владимир Мединский, Украина делегациясига эса мудофаа вазири Рустем Умеров бошчилик қилди. Учрашув тахминан икки соат давом этди ва бир қатор келишувлар “мингга минг” формуласи бўйича ҳарбий асирларни алмашиш, ўт очишни тўхтатиш режаларини тайёрлаш ва кейинги учрашув бўйича принципиал келишув билан якунланди.
Изоҳ (0)