Россия Украина дронларини уриб тушириш учун Хитойда ишлаб чиқарилган лазердан фойдаланмоқда. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди.

Россия “Сокин овчи” номли паст баландликдаги лазерли мудофаа тизимидан фойдаланаётгани акс этган видеолар тарқалди. Бу Россия Украинага қарши кенг кўламли уруш даврида Хитойдан олган энг муҳим қурилмалардан биридир. Ушбу лазер душман дронларини аниқлаш, кузатиш ва йўқ қилишга мўлжалланган. Уни йўлтанламас томига ўрнатиш мумкин ва транспорт воситаси ичидан бошқариш имконияти мавжуд.
Тизим 4,98 километр масофадаги нишонларни аниқлай олади, дронларнинг кузатув тизимини 3,2 километр масофада издан чиқара олади ва 1,6 километр масофада уларни уриб тушириши мумкин.

30 киловаттли лазер 1000 метр масофада 5 мм қалинликдаги пўлат пластинани тешиб ўта олади. Нишонни аниқлаш ва йўқ қилиш оралиғида атиги саккиз сония ўтади, дейилади хабарда.
Россия Telegram каналларида тарқалган видеода лазер узоқдаги пўлат пластинага ўқ узиб, уни бир нечта тешиклар билан тешгани акс этган.
Видео давомида экран иккига бўлиниб, лазернинг украиналик дронларни йўқ қилаётгани ҳам намойиш этилган. Тармоқларда бу дронлар Shedrik ва Skywalker Х8 экани айтилмоқда.
Изоҳ (0)