“Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Қонун 6 боб, 81 моддадан иборат бўлиб, унинг мақсади банкларни санация қилиш ва тугатиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонун банклар, банклар гуруҳлари ва банк акцияларининг назорат пакетига эгалик қилувчи холдинг компанияларига нисбатан татбиқ этилади. Марказий банк банкларни санация қилиш ва тугатиш соҳасидаги ваколатли давлат органидир.
Санация қилиш — банкларда тўловга қобилиятсизлик ҳолати юзага келганда уларнинг ўта муҳим вазифалари узлуксизлигини таъминлашга, омонатчилат ва кредиторлар манфаатини ҳимоя қилишга ҳамда молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган тартиб-таомилларни амалга ошириш.
Ўта муҳим вазифалар банк хизматлари ёки операцияларининг шундай турларики, уларни ўзга банкнинг бошқа хизматлати ёки операциялари билан алмаштириш мураккаблиги туфайли ушбу хизматларни кўрсатиш ва операцияларни амалга ошириш тугатилган тақдирда, молиявий барқарорликнинг бузилишига ёки реал иқтисодиёт учун зарур бўлган хизматларнинг кўрсатилиши чекланишига олиб келиши мумкин.
Қуйида санаб ўтилган барча асосларнинг мавжудлиги банкни санация қилишни бошлаш учун асос деб ҳисобланади:
- банкнинг тўловга қобилиятсизлиги ёки тўловга қобилиятсизликнинг юзага келиш эҳтимоли юқорилиги;
- банклар томонидан кўрилган чоралар, шунингдек Марказий банк томонидан қўлланган назорат чоралари тўловга қобилиятсизликни бартараф этишга қодир бўлмаганлиги ёхуд 6 ой ичида бунинг эҳтимоли мавжуд эмаслиги;
- банкнинг тизимли аҳамиятга молик эканлиги ёки тизимли аҳамиятга молик бўлмаган банкни мажбурий тугатиш орқали белгиланган мақсадларга эришиб бўлмаслиги сабабли санация қилиш зарурлиги.
Марказий банк санация қилинаётган банкнинг махсус бошқарувчисини тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.
Санация қилиш воситалари қуйидагилардан иборат:
- активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш);
- оралиқ банкни ташкил этиш;
- ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш.
“2020— 2025 йилларга мўлжалланган ўзбекистон республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги президент фармонида банкларни санация қилиш механизмини ишлаб чиқиш белгиланганди. Унда Жаҳон банки экспертларини жалб қилиш ҳамда банкларни санация қилиш механизмини ташкил этиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш топширилганди.
Шунингдек, Халқаро молия институтлари экспертлари билан ҳамкорликда “Банкларни санациялаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, уни мутахассислар, илмий ходимлар ва экспертлар ҳамжамияти билан муҳокама қилиш ва лойиҳани Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланганди.
Ушбу қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 13 февралда қабул қилиниб, Сенат томонидан 29 апрелда маъқулланганди. У 2025 йил 25 сентябрдан кучга киради.
Изоҳ (0)