“Ўзбекистон Республикаси президентининг айрим қарорларига маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизими натижадорлигини янада оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларни сунъий интеллектда ишловчи махсус дастурий таъминотга интеграция қилинган замонавий кузатув камералари билан тўлиқ қамраб олиш кўзда тутилган. 2025 йил якунига қадар жисмоний шахслар мол-мулкини техник қўриқлаш қамровини 30 фоизга, юридик шахслар мол-мулкини қўриқлаш қамровини эса 60 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Шунингдек, ички ишлар органларида юқори малакали кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Академиясида масофавий таълим шакли жорий этилади ҳамда бакалавриат дастури бўйича қабул квоталари босқичма-босқич ошириб борилади.
Қарор билан “Криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда жиноятларнинг олдини олиш бўйича манзилли чоралар” концепцияси тасдиқланди. Маҳаллаларда алоҳида ташкилий-профилактик тадбирлар ҳамда манзилли чоралар билан илмий-амалий ёндашувларни уйғунлаштирган ҳолда криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва хавфсиз муҳитни яратиш концепциянинг асосий мақсади ҳисобланади.
Концепцияга кўра, туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғи ва прокурорнинг хизмат хонаси 2025 йил якунигача бевосита маҳаллада ташкил этилиб, кундалик ишининг бошланиши ва якуни айнан ўша ерда амалга оширилади. Маҳаллаларда босқичма-босқич маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолияти йўлга қўйилади.

Ички ишлар вазирлиги ЖХД ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова 2025 йил бошларида Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларининг криминоген вазияти оғир бўлган 419 та маҳаллаларни ўз ичига қамраб оладиган 84 та маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолияти йўлга қўйилишини маълум қилганди.
Президент қарорида белгиланишича, ижтимоий профилактика объектлари, айниқса, оила-турмуш доирасида ҳуқуқбузарликлар содир этувчи шахсларнинг (жанжалкаш ва низоли оилалар) ҳолидан мажбурий равишда камида ҳар 3 кунда хабар олиш амалиёти йўлга қўйилади.
Маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида “маҳалла еттилиги” томонидан фуқаролар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борувчи “маҳалла тарғиботчиси” жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади.
Маҳалладаги жамоат жойлари, кўп қаватли тураржой ва уйлар олдида “ташвиш” тугмалари ўрнатилади.
Шавкат Мирзиёев 2025 йилда ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш устувор вазифа этиб белгилаганди. Профилактика инспекторлари, тезкор-қидирув, патрул-пост ва қўриқлаш хизмати фаолиятини кучайтириб, аҳоли хавфсизлигини жойларда таъминлаш шартлигини айтганди. Бутун тизимни пастга тушириб, ҳар бир маҳаллани “жиноятчиликдан холи ҳудуд”га айлантириш зарурлигини таъкидланди.
“2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қароригада барча туман (шаҳар) сектор раҳбарларига, Миллий гвардия қўриқлаш хизмати бошлиқларига ва ички ишлар органлари бошлиқлари ўринбосарларига 2025 йилда криминоген вазият оғир маҳаллалар номма-ном бириктирилиши белгиланган. Масъуллар фаолияти ҳар ой якунида – ички ишлар вазири ҳузурида, ҳар чорак якунида – Бош прокурор ҳузурида, ҳар ярим йилда бош вазир ҳузурида танқидий муҳокама қилинади, ҳар бир маҳалла кесимида президентга ахборот бериб борилади.
Изоҳ (0)