Ўзбекистон Суперлигаси 11-тури доирасидаги “Пахтакор” — “Хоразм” учрашуви якунига етди. Қизиқарли ўтган баҳсда “шерлар” 2:1 ҳисобидаги қийин ғалабани қўлга киритди.

Учрашувдаги ҳисоб меҳмонлар томонидан очилди. 5-дақиқада Темур Исмоилов Жонатан дарвозасини ишғол қилди.
Шундан кейин ҳар икки жамоа ҳам навбатма-навбат ҳужум уюштирди. 24-дақиқада Башар Ресаннинг узатмасидан кейин Игор Сергеев “Хоразм” дарвозасини ишғол қилиб, умумий натижани тенглаштирди.
Биринчи тайм 1:1 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлим ҳам қизиқарли кечди. “Пахтакор” кўпроқ тўпни назорат қилган бўлса-да, Урганч клуби ҳам кўплаб хавфли вазиятлар яратишни уддалади. Аммо учрашув якуни арафасида “шерлар” бари-бир рақиб дарвозасини ишғол қилди. 90+8-дақиқада Ҳожиакбар Алижонов жамоасининг навбатдаги голига муаллифлик қилди ва “Пахтакор”га 3 очко тақдим этди.
Ушбу натижадан кейин “Пахтакор” ҳисобидаги очколар сони 18 тага етди ва улар онлайн турнир жадвалида бир поғона юқорилаб, 6-ўринни эгаллади. 12 очкоси бор “Хоразм” эса 12-поғонани банд этган.
Ўзбекистон Суперлигаси
11-тур
25 май, якшанба
“Пахтакор” — “Хоразм” 2:1
Голлар: 0:1 — Темур Исмоилов (5), 1:1 — Игор Сергеев (24), 2:1 — Ҳожиакбар Алижонов (90+8)
Изоҳ (0)