Кредитларнинг 75 фоизи бирламчи бозордаги уйларга берилган. Олти ой ичида давлат 17,6 фоизгача, банклар 25,2 фоизгача ставкада қарз ажратган.

Марказий банк ҳисобига кўра, 2025 йил I ярмида Ўзбекистонда 31,5 минг кишига 9,4 трлн сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган. Шундан энг кўп қисми — 2,95 трлн сўм Тошкент шаҳри аҳолисига йўналтирилган. Энг кам миқдор эса Сирдарё вилоятига (175,5 млрд сўм) ажратилган.
Қолган ҳудудларга берилган кредитлар миқдорлари қуйидагича:
- Андижон вилояти — 747,2 млрд сўм;
- Самарқанд вилояти —713,5 млрд сўм;
- Фарғона вилояти — 710,2 млрд сўм;
- Сурхондарё вилояти — 561 млрд сўм;
- Қашқадарё вилояти — 560,3 млрд сўм;
- Хоразм вилояти — 576,7 млрд сўм;
- Навоий вилояти — 532,1 млрд сўм;
- Наманган вилояти — 457,8 млрд сўм;
- Тошкент вилояти — 443,6 млрд сўм;
- Жиззах вилояти — 337,4 млрд сўм;
- Қорақалпоғистон — 336,3 млрд сўм;
- Бухоро вилояти — 329,5 млрд сўм.
Ипотека кредитларининг 6,3 трлн сўмга яқини 21,7 минг кишига “Янги тартиб” лойиҳаси доирасида давлат томонидан ажратилган. Мазкур қарзларнинг ўртача ставкаси 16,6 фоиздан 17,6 фоизгача бўлган. Кредитларнинг 75 фоизи бирламчи бозордаги уйларга берилган.

Қарзларнинг 6,4 трлн сўмини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, 2,2 трлн сўмини банклар ўз ҳисобидан ажратган. Банклар кредитларни ўртача 23,3 фоиздан 25,2 фоизгача бўлган ставкаларда берган.
Кредит олганларнинг 66 фоизи 31–50 ёшлилар, 25 фоизи эса 18–30 ёшлилар бўлган.
Марказий банк ҳисоб-китобига кўра, аҳолига ажратилаётган ипотека кредитлари миқдори йилдан йилга ортиб бормоқда. Хусусан, 2021 йилда 9,8 трлн сўм, 2022 йилда 14,4 трлн сўм, 2023 йилда 16,9 трлн сўм, 2024 йилда 17,1 трлн сўм ипотека кредитлари берилган.
Ўз навбатида аҳолига ажратилган кредит қолдиғи ҳам ўсишда давом этган. Масалан, 2021 йилда мазкур кўрсаткич 28,3 трлн сўм бўлса, 2025 йил июлига келиб 72,8 трлн сўмга етган. Яъни кредит қарздорликлари ҳажми мазкур давр оралиғида 2,6 бараварга ортган.
Изоҳ (0)