Олимлар ўртасида қизғин баҳсларга сабаб бўлган янги тадқиқот эълон қилинди. Унда мол гўшти ва товуқ гўшти ҳазм қилиш тизимига қандай таъсир кўрсатиши ҳамда қайси турдаги гўшт фойдалироқ эканлиги ўрганилди.

Тадқиқот натижаларига кўра, ёғсиз мол гўшти товуқ гўштига қараганда камроқ салбий таъсир кўрсатиши аниқланди. Гарчи қизил (бир оз хом пиширилган) гўшт, кўпинча ичак саратони, юрак ва қон-томир касалликлари хавфини оширади, деб ҳисобланиб келинса-да, бу галги кузатувлар тескари натижаларни кўрсатди. Бугунги кунга қадар эса товуқ соғлиққа энг зарар қилмайдиган гўшт маҳсулоти сифатида қараларди.
Испаниялик мутахассислар ушбу икки турдаги гўшт ичакдаги фойдали ва зарарли бактериялар мувозанатига қандай таъсир кўрсатишини таҳлил қилди. Экспериментда 18–22 ёшдаги 16 нафар кўнгилли иштирок этди. Улар саккиз ҳафта давомида ҳар хил овқатланиш режимига амал қилишди. Натижада, иккала парҳез тури ичак микробиомида сезиларли ўзгаришларга олиб келгани маълум бўлди.
Товуқли парҳезга амал қилганлар ичак тизимида фойдали бактериялар сони камайтириб, зарарли микроорганизмлар кўпайган. Ва аксинча, мол гўшти асосидаги парҳезни танлаган иштирокчиларда ичак шиллиқ қаватини ҳимоя қилувчи бактериялар фаоллашган. Бу эса меъда яллиғланиши ва турли касалликларнинг олдини олишга ёрдам берувчи муҳим омил ҳисобланади.

Тадқиқот давомида биринчи гуруҳ иштирокчилари ҳафтасига уч марта витаминлар ва рух моддасига бой мол гўшти истеъмол қилган бўлса, иккинчи гуруҳ товуқ гўштига таянилган парҳезга амал қилган. Ҳар икки ҳолатда гўшт қовурилган, димлаб ёки печда пиширилган.
Сўнг тажриба якунида иштирокчиларнинг қон таҳлиллари олинган. Натижада товуқли парҳез организмнинг глюкозани ўзлаштириш қобилиятини сусайтириб, қондаги шакар миқдорининг ошишига сабаб бўлиши аниқланган. Шунингдек, товуқ гўштига асосланган рацион танадаги аминокислоталар ишлаб чиқарилишини камайтирган. Бундай ўзгариш иммун тизими ва ичак саломатлиги учун муҳим бўлган оқсилларнинг етишмаслигига олиб келади.
Тадқиқот муаллифлари қуйидаги хулосага келишди: ёғсиз қизил гўштни, айниқса мол гўштини меъёрида истеъмол қилиш (масалан, ҳафтасига уч маҳал) нафақат ичак микробиомини қўллаб-қувватлайди, балки умумий соғлиқни ҳам яхшилайди.
Тадқиқотда берилган ҳафтасига уч марта гўшт истеъмол қилиш тавсияси шифокорлар томонидан ичак саратони хавфини камайтириш бўйича бериладиган стандарт маслаҳатларга тўлиқ мос келади.
Изоҳ (0)