Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан икки марта мамлакат президенти Садир Жапаровга уюштирилган суиқасднинг олди олинди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев маълум қилди.
Ташиeвнинг айтишича, унга қарши ҳам 5-6 марта суиқасд тайёрланган.
“Улар ҳатто мен ўтадиган йўлни портлатиб юборишга тайёргарлик кўришган эди. Махсус хизматлар ва полициянинг ҳушёрлиги уларнинг режаларини амалга оширишга имкон бермади”, дейди у.
Ташиевнинг сўзларига кўра, бундай суиқасдга уринишлар давом этмоқда, уларга катта молиявий ресурслар ажратилмоқда.
Аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик раҳбарига суиқасдга уринишнинг олди олингани хабар қилинганди.
Суиқасдни ташкил қилишга уринган Руслан Бостеринский лақабли уюшган жиноий гуруҳ фаоли қўлга олинган.
Махсус хизматларга кўра, 41 ёшли Руслан Бостеринский Қирғизистоннинг энг машҳур “қонундаги ўғриси” Қамчи Колбаевнинг яқин шерикларидан бири бўлган. У Иссиқкўл туманидаги Бўстери қишлоғини назорат қилган. Бостеринский илгари босқинчилик ва қотиллик учун судланган.
У қидирувда бўлган вақтида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарига суиқасд уюштиришни режалаштирган. Қўлга олинган шахс тергов изоляторига жойлаштирилган. У уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва унда иштирок этишда айбланмоқда.
Изоҳ (0)